Ёшлар ўртасида “Talaba Fest” фестивали ўтказилади
Мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунга келиб талаба-ёшларни спорт мусобақалари, оммавий саломатлик тадбирлари билан қамраб олиш ҳар қачонгидан ҳам оммавий тус олгани ўтказилаётган тадбирларда яққол намоён бўлмоқда.
Биргина 4 та спорт тури бўйича “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларининг 14 та ҳудудда ташкил этилган саралаш мусобақаларида минг нафардан зиёд ёшлар қатнашгани таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати янги босқичга кўтарилаётганини англатмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан барча ҳудудлар бўйлаб олий таълим ташкилотлари талабалари учун “Talaba Fest” фестивали ўтказилиши эълон қилингани оммавий тадбирлар янада ортишидан, турли йўналишлардаги иқтидорли ёшлар сафи янада кенгайишидан далолат, дейиш мумкин.
Айтиш лозим, 23 май-16 июнь кунлари ташкил этиладиган “Talaba Fest” фестивали доирасида “Энг яхши фотосуратлар”, “Либослар”, “Энг мазали таомлар” кўргазмалари, спорт мусобақалари, мусиқий чиқишлар, шоир, ёзувчи ва ижодкорлар билан мушоиралар, караоке, робототехника кўргазмалари, “Талабалар театр студиялари” композицион чиқишлари, “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари шоу чиқишлари, “Заковат” ва “Мунозара” ўйинлари, “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида ҳарбий чиқишлар ҳамда “Шашлик дай” мусобақалари уюштирилиши режалаштирилган. Бу юртимизда ёшларга янги имкониятлар майдони яратилаётгани билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев,
ЎзА