Руминияда германиялик шахматчини мағлуб этган Синдоров ван Форестга қарши дона суради
Бугун, 22 май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида 10 нафар энг маҳоратли гроссмейстер иштирокида ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг 8-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Жорден ван Форест билан куч синашади.
Мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли турнирнинг 7-турида "Номзодлар турнири" ғолиби Жавоҳир Синдоров оқ доналарда германиялик Винсент Кеймерни мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Еттинчи турда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа оқ доналарда америкалик Фабиано Каруанага имкониятни бой берди. Қолган иккита партияда дуранг натижа қайд этилди. Франциялик Максим Вашье-Лаграв руминиялик Богдан-Даниэль Дик билан, нидерландиялик Аниш Гири АҚШ вакили Уэсли Со билан дуранг ўйнади.

7-турдан кейин уч нафар шахматчи 4,5 очко жамғариб, турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. Фабиано Каруана қўшимча кўрсаткичларга кўра, биринчи ўриндан жой олган. Кеймер иккинчи, Форест учинчи поғонада бормоқда.

Жавоҳир кечаги муҳим ғалабаси эвазига очколарини 3,5 тага етказиб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига 5-ўринга кўтарилди. Аниш Гири 4 очко билан 4-ўринда бормоқда. Уэсли Со, Максим Вашье-Лаграв ва Рамешбабу Праггнанандҳа ҳисобида ҳам 3,5 очко бор. Богдан-Даниэль Дик 2,5 очко билан 9-ўриндан жой олган бўлса, турнирни муддатидан аввал тарк этган Алиреза Фирузджа 1 очко билан мусобақани 10-ўринда якунлади.
Бугунги баҳсда Синдоров ван Форестни мағлуб этса совринли ўринларга даъвогарлик йўлидаги курашни давом эттириши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат турнирнинг охирги учрашувида Синдоров оқ доналарда Уэсли Со билан беллашади.
Турнирда ғолибликка эришган шахматчи 100 минг, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ва охирги 10-ўриндан жой олган иштирокчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА