Ёшлар киберспортда беллашди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш ишчи-ходимлар ўртасида “Касаба уюшмаларининг ёшлар кубоги” киберспорт мусобақаси ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида спортнинг замонавий турларини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ҳамда киберспортга бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада 12 та жамоа иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда иштирокчилар ўзларининг тезкор қарор қабул қилиш, диққат-эътибор, стратегик фикрлаш ва жамоавий ҳаракат қилиш қобилиятларини намойиш этдилар.

Мусобақа якунига кўра, 1-ўринни “Навоий ИЭС” АЖнинг “Dark Legends” жамоаси, 2-ўринни “Ҳудудгаз Навоий” АЖнинг “FIRE” жамоаси ва 3-ўринни “Қизилқумцемент” АЖнинг “Бургутлар” жамоаси эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирок этган жамоалар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири