Ёшлар божхона хизмати фаолияти билан яқиндан танишди
Хоразм вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, уларда божхона органлари фаолиятига қизиқишни ошириш ҳамда келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Унда вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, келгусида ҳарбий йўналишдаги касбларни танлаш истагида бўлган талабалар иштирок этди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашув давомида ёшларга божхона органларининг асосий вазифалари, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш, божхона назоратини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, божхона хизматига ишга қабул қилиш тартиби, хизмат фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ва касбий талаблар юзасидан мутахассислардан жавоблар олди.

Учрашувнинг амалий қисми эса талабаларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Жумладан, улар божхона назорати жараёнида фойдаланиладиган замонавий назорат-техник воситалари, хизмат қурол-аслаҳалари ва уларнинг қўлланилиш тартиби билан яқиндан танишдилар. Мутахассислар кўмагида хизмат қуролларини амалий тарзда қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш жараёнларида иштирок этдилар.

– Бугунги учрашув мен учун жуда фойдали бўлди, – дейди Урганч давлат педагогика институти талабаси Асилхон Зокиров. – Назарий билим бошқа, соҳанинг ички муҳитини ўз кўзинг билан кўриш бошқача экан. Божхона ходимлари билан юзма-юз суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдик. Айниқса, замонавий назорат воситаларини ишлатиб кўриш ва хизмат итлари иштирокидаги машғулотлар менга жуда ёқди. Бу тадбир касб танлашдаги иккиланишларимга барҳам бериб, келажакда айнан божхона тизимида Ватанга хизмат қилиш иштиёқимни янада кучайтирди. Бугун ишга қабул қилиш тартиби ва талаблари ҳақида батафсил маълумот олиб, ўз олдимга аниқ режалар қўйдим.
Бундан ташқари, кинология хизмати ходимлари томонидан хизмат итлари ёрдамида гиёҳвандлик воситаларини аниқлаш бўйича ўтказилган кўргазмали машғулот намойиш этилди. Талабалар хизмат итларининг махсус тайёргарлиги, уларнинг божхона назоратидаги ўрни ва имкониятлари билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Шу билан бирга, бошқарма тизимида янги ташкил этилган суриштирув хонаси фаолияти ҳам намойиш этилиб, суриштирув жараёнларини ташкил этиш, қонунийликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганиш борасидаги ишлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири