Қоидабузарларга чора кўрилди (+видео)
Ижтимоий тармоқлар орқали кузатувчиларни ўзига жалб этиш, обуначиларни кўпайтириш ёшлар орасида кундан-кунга авж олиб бормоқда. Бу йўлда эса улар тартиб-қоида ва қонунларни ҳам четлаб ўтаётгани рост гап.
2002, 2004 йилларда туғилган йигитлар ҳам инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасини очиб, мунтазам равишда автомашиналар пойгаси ҳамда ўқотар қурол билан олинган бир нечта контентлар билан бойитиб келган.

Бу икки шоввозга Кармана ва Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган яна 8 нафар пойга ишқибозлари ҳам қўшилган. Ушбу гуруҳ аъзоларининг автомашина ойналарини қорайтириб, давлат рақам белгиларини олиб ташлаб, содир этган дрифт ўйинлари видеотасвирлари кўплаб тармоқ фойдаланувчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
– “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик ойлиги доирасида Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар давомида мазкур қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритилди, – дейди вилоят ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов. – Ҳолатга оид барча буюмлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилганда видеотасвирлардаги қурол аслида ҳақиқий эмаслиги ўз тасдиғини топди. Автомашиналар жарима майдонига жойлаштирилиб, жараёнга дахлдор шахсларга қонуний чора кўрилиши учун йиғилган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига тақдим этилди.

Суд жараёнлари давомида йигитларнинг кўрсатмалари тингланди. Тақдим этилган далилий ашё ва видео ёзувлар атрофлича кўриб чиқилди.
Суд мазкур ҳолатни майда безорилик, яъни жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи, шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, дея баҳолаб, қарор қабул қилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири