Ёшлар билан мулоқот қилиш орқали муаммоларга амалий ечим топилади
Пойтахтимиздаги “Китоб олами” мажмуасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар ва ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим кредити олиш ҳамда бошқа долзарб масалаларга оид мурожаат ва таклифлари тингланди.
Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли ташкилотларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айрим масалалар эса мулоқот давомида жойида ҳал этилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби очиқ мулоқотлар ёшларни ўйлантираётган масалаларни бевосита ўрганиш, уларнинг ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд муаммоларга амалий ечим топишга хизмат қилади.
Шунингдек, Чилонзор туманида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шахноза Султанова, Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари Тулаганова Гулнора ҳамда ёшлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Учрашув давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари, шунингдек, мавжуд муаммо ва мурожаатлари атрофлича муҳокама қилинди. Уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларига амалий ечим топиш ҳамда тегишли йўналишлар бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, амалдаги давлат дастурлари ва улардан самарали фойдаланиш механизмлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Г.Бобоева,ЎзА