Ёш спортчиларнинг ютуқлари
Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳри мезбонлик қилган таэквондо “WТ” бўйича халқаро “Youth Grand Prix 2026” мусобақасида наманганлик спортчилар Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолиблар қаторидан жой олишди.

Дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган моҳир шарқона яккакураш усталари иштирокидаги ушбу мусобақада ёш спортчиларимиз ўзининг юқори маҳорати, матонати ва ғалабага бўлган интилиши билан эътибор қозонди.
Жумладан, нуфузли халқаро мусобақада ўз вазни тоифасида татамига чиққан Нурислом Қориев финалгача етиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

59 килограмм вазнда ўз омадини синаб кўрган Ойдинахон Мирзажонова ҳамда Амалия Асқарова ярим финалгача бўлган йўлни босиб ўтиб, бронза медалларига лойиқ, деб топилди.

Қолаверса, мусобақа якунида жамоамиз мураббийи халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, спортчиларни сифатли тайёрлаш ва салмоқли натижалар бўйича махсус кубок билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА