“Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси”га тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида жорий йилнинг 4-9 июнь кунлари пойтахтимизда ташкил этиладиган “Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг республика финал босқичини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ў.Саломов, спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси ҳамда олий таълим муассасаларининг масъул вакиллари, ҳудудий спорт бошқармалари бошлиқлари иштирок этди.

Тадбир давомида мусобақаларнинг пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да ўтказиладиган финал босқичларига тайёргарлик ҳолати, иштирокчи делегацияларни кутиб олиш, жойлаштириш, транспорт-логистика масалалари ҳамда мусобақаларни юқори даражада ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 4 июнга қадар барча делегациялар ва талаба-спортчиларнинг мусобақа ўтказиладиган ҳудудларга етиб келишини таъминлаш, уларнинг яшаш ва овқатланиш шароитларини ташкил этиш, хавфсизлик ҳамда тиббий хизмат масалаларини самарали йўлга қўйиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шунингдек, 7 та спорт тури бўйича ўтадиган мусобақаларнинг ҳакамлик жараёнлари, мусобақаларни бошқариб борадиган мутахассислар, спортчи-талабаларга қўйилаётган талаблар, уларни электрон рўйхатдан ўтказиш ҳолати, тадбирларни белгиланган режа-график асосида ўтказиш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилишда “Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси” спорт мусобақаларини намунали ташкил этиш, спортчилар ва меҳмонлар учун муносиб шароит яратиш ҳамда мусобақаларнинг нуфузини янада ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар бериб ўтилди.
Т.Рўзиев, ЎзА