Ёш курашчиларимиз Осиёни забт этди
Юртимизда, хусусан, Наманган заминида азалдан полвонлар, жасур йигитлар, иродали қизлар вояга етган. Вилоятда барча спорт турлари қатори эркин ва юнон-рум кураши турларига ҳам алоҳияда аҳамият берилмоқда.
Яқинда Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар (“U-17”) ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан ажойиб хушхабар олдик.

Нуфузли мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси юнон-рум ва эркин кураш йўналишларида иштирок этди. Қувонарлиси, Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази эркин курашчилари ҳам нималарга қодир эканликларини кўрсатиб, совринли ўринларга эга бўлди.
Хусусан, 60 килограмм вазн тоифасида Бекзодбек Иброҳимов барча рақибларидан ишончли тарзда устун келиб, Осиё чемпиони унвони ва олтин медални қўлга киритди. 45 килограмм вазнда гиламга чиққан Муҳаммад Раҳимжонов финалгача зафарли одимлаб, қитъамиз биринчилигининг кумуш медали соҳибига айланди.
Ушбу муваффақият, энг аввало, ёш спортчиларнинг тинимсиз меҳнати, мураббийларининг самарали фаолияти ва юртимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА