Ёш шахматчилар “Вилоят ҳокими кубоги” учун беллашди
Андижонда ёшлар ўртасида “Вилоят ҳокими кубоги” учун шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, шахматнинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёш шахматчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида вилоят спорт бошқармаси, шахмат федерацияси ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Эркин Воҳидов номидаги шахмат мактабида ўтказилган мусобақада 16-30 ёш тоифасидаги маҳалла ёшлари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.


Мусобақада маҳаллалардан ташриф буюрган ёш шахматчилар ўзларининг “ақл ўйини” борасидаги билим, маҳорат ва имкониятларини синовдан ўтказди, ғалабага бўлган интилишларини намойиш этиб, ғолиблик учун муносиб кураш олиб борди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.


Ушбу мусобақа ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва шахматни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири