Ёш теннисчиларимиз халқаро мусобақалар финалида
Қозоғистон ва Тожикистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида ташкил этилган нуфузли мусобақаларда ёш теннисчиларимиз финал босқичига йўл олди.
Жумладан, Остона шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган J300 таснифидаги «Astana Open» турнирининг жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиз Акмал Абдуллаев ва Данила Квасов финал йўлланмаси учун кечган учрашувда туркиялик Каан Ишик Косанер ҳамда германиялик Патрик-Валентин Мойзени 6:4, 1:6, 10:6 ҳисобида мағлуб этди. Энди теннисчиларимиз ҳал қилувчи баҳсда Жанубий Корея вакиллари Ким Тхэ У ва Чо Мин Хёк жуфтлигига қарши кортга чиқади.
Душанбе шаҳрида ўтаётган J60 туркумидаги «Президент кубоги — 2026» турнирининг жуфтлик баҳсларида эса ҳамюртимиз Сарвар Атабаев ва россиялик Егор Елховский финалга йўл олди. Улар ярим финалда яна бир вакилимиз Ҳамиджон Мансуров ҳамда қозоғистонлик Атай Асеинов жуфтлигини 6:3, 6:2 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, Сарвар Атабаев ва Егор Елховский бош соврин учун ўтадиган финал баҳсида тожикистонлик Сомон Амонов ҳамда беларуслик Матвей Жарин жуфтлиги билан куч синашадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА