«Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» — Осиё футбол майдонларида
Осиё қитъасида футбол бўйича клублар ўртасидаги нуфузли мусобақалар старт олмоқда. Ўзбекистон клублари ҳам ушбу турнирларда қатнашади. Қитъанинг нуфузли мусобақаларида мамлакатимиз шарафини қайси жамоалар ҳимоя қилади ва уларни қандай баҳслар кутмоқда?
Осиё футбол конфедерациясининг клублар ўртасидаги икки мусобақасида мамлакатимиз шарафини учта жамоа ҳимоя қилади. Аниқроқ айтганда, «Пахтакор» ва «Нефтчи» Элит Осиё чемпионлар лигаси баҳсларида, «Насаф» эса Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасида иштирок этади.
Хусусан, «Пахтакор» ва «Нефтчи» учун Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи 14 сентябрь куни старт олади. Шу куни «Нефтчи» Фарғонада Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоасини қабул қилади. Учрашув соат 18:45 да «Истиқлол» стадионида бошланади. «Пахтакор» эса сафарда Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига қарши майдонга тушади. Жидда шаҳрида ўтадиган баҳс Тошкент вақти билан 23:15 да старт олади.

Маълумот учун, янги мавсумда Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичида 32 та жамоа иштирок этади. Улар Ғарб ва Шарқ минтақаларига ажратилган ҳолда баҳс олиб боради. Ҳар бир клуб мазкур босқичда 8 та турли рақибга қарши майдонга тушади. Жамоалар 4 та учрашувни ўз майдонида, яна 4 тасини сафарда ўтказади.
Энди Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасига тўхталсак. Ушбу турнирнинг гуруҳ босқичи 15 сентябрь санасидан бошланиб, 9 декабрга қадар давом этади. Унда жамоалар ўзаро уй ва сафар учрашувларида куч синашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа кейинги босқичга йўл олади.

Ушбу мусобақада мамлакатимиз шарафини «Насаф» ҳимоя қилади. Қарши шаҳри клуби «А» гуруҳидан жой олган бўлиб, унга БААнинг «Ал-Ваҳда», Кувайтнинг «Ал-Кувайт» ва Баҳрайннинг «Ал-Ҳалдия» жамоалари рақиблик қилади. «Насаф» гуруҳ босқичидаги дастлабки учрашувини 16 сентябрь куни сафарда «Ал-Ҳалдия»га қарши ўтказади. Баҳрайнда бўлиб ўтадиган мазкур баҳс соат 21:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА