Ёш гимнастикачилар беллашуви
Андижонда “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари дастури доирасида қизлар ўртасида бадиий гимнастика бўйича “Андижон вилояти ҳокими олимпиадаси” мусобақалари бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, спорт бошқармаси ҳамда гимнастика федерацияси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ўтказилган мусобақаларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 2014-2015 йилларда туғилган ёш гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Беллашувларда ёш гимнастикачилар ўзларининг юксак маҳорати, нафис ва жозибадор чиқишлари, шунингдек, ғалабага бўлган қатъият, ишонч ва интилишларини намоён этди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Андижон шаҳри ёш гимнастикачилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

Якунда мусобақа ғолиб ва совриндорлар, юқори натижаларга эришган иштирокчилар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.