Шахмат: Осиё чемпионлиги йўлидаги курашлар қизғин давом этмоқда
Бугун, 2 июнь куни Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг 5-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова оқ доналарда мусобақада 4 очко билан етакчилик қилаётган Мария Першина билан куч синашади.
Кеча ўтказилган 4-тур баҳсларида ФИДЕ байроғи остида чемпионатда иштирок этаётган Першина қозоғистонлик Хения Балабаевани, ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Сакши Читландени мағлубиятга учратганди.

Шунингдек, ортда қолган 4-тур ўйинларида терма жамоамиз аъзоси Гулруҳбегим Тоҳиржонова қора доналарда қозоғистонлик Меруерт Камалиденова билан, Нилуфар Имомқўзиева қора доналарда мўғулистонлик Бат-Эрдене Мунгунзили билан, Асал Салимова қора доналарда мўғулистонлик Гурванбаатар Урангоо билан, Мадинабону Халилова оқ доналарда яна бир мезбонлар вакиласи Энхболор Няамбаваа билан муроса йўлини танлаган вазиятда Гулдона Каримова оқ доналарда Енхсаихан Хуланга имкониятни бой бериб қўйди.
Аёллар гуруҳида Мария Першина 4 очко билан етакчилик қилмоқда. Уни таъқиб этаётган 7 нафар шахматчи хотин-қизлар ҳисобида 3,5 очко мавжуд. Улар сафида А.Ҳамдамова ва Г.Тоҳиржонова ҳам бор. Шахматчи қизларимиздан Н.Имомқўзиева 3, А.Салимова ва М.Халилова 2, Г.Каримова 1,5 очкога эга бўлиб турибди.

Бугун ўтадиган 5-турда Г.Тоҳиржонова қозоғистонлик Амина Каирбекова, Н. Имомқўзиева индонезиялик Медина Варда Аулиа тўсиғини енгишга ҳаракат қилади.
Эркаклар мусобақасининг 4-тур ўйинларида Абдумалик Абдусалимов қора доналарда хитойлик Тонг Хиаога, Ҳумоюн Бекмуратов оқ доналарда хитойлик Зилонг Яангга ютқазиб қўйган бўлса, Саидакбар Саидалиев оқ доналарда мўғулистонлик Нарандолтдан устунликка эришди. Ортиқ Ниғматов ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Давид Правян ўртасидаги ўйинда тенглик вужудга келди.

Бугун ўтказиладиган 5-тур мусобақасида А.Абдусалимов оқ доналарда ҳиндистонлик Абтин Атахан, О.Ниғматов ва С.Саидалиев қора доналарда ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган Евгений Нажер ва Давид Правян билан, Ҳ.Бекмуратов қора доналарда япониялик Шо Моритани билан баҳс олиб боради.
5-тур ўйинлари остонасида очиқ гуруҳда 5 нафар иштирокчи 3,5 очко билан ғолиблик пойгасида қатнашаётган бўлса, уларни 3 очкога эга 24 нафар шахматчи таъқиб этмоқда.

Терма жамоамиз аъзолари А.Абдусалимов, О.Ниғматов ва С.Саидалиев ҳисобида ҳам 3 очкодан бор. Ҳ.Бекмуратов эса ҳозирча 1,5 очкога эгалик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар, аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқади.
Чемпионат 6 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА