Ёш эндоскопистлар мактаби янги авлод кадрларини тайёрлайди
Бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолига юқори технологияли ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Бу борада Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Филиалда кам инвазив эндоскопик амалиётларни амалиётга кенг жорий этиш, шошилинч ҳолатларда беморларга тезкор ва самарали ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим натижалар қўлга киритилмоқда.

Шу эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилган “Ёш эндоскопистлар мактаби” эса соҳадаги энг истиқболли ташаббуслардан бирига айланди. Бугунги кунда 11 нафар иқтидорли мутахассисни бирлаштирган мазкур мактабнинг бош мақсади — замонавий эндоскопия соҳасида чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган, мураккаб шошилинч ҳолатларда мустақил қарор қабул қила оладиган, юқори малакали эндоскопистлар авлодини шакллантиришдан иборат.
Тиббиёт статистикаси маълумотларига кўра, ошқозон-ичак трактига ёт жисмлар тушиб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар йил сайин кўплаб қайд этилмоқда. Айниқса, бу каби ҳолатлар бир ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар орасида тез-тез учрайди. Болаларнинг қизиқувчанлиги ва эҳтиётсизлиги сабабли танга, тўғнағич, нина, илгак, турли пластмасса ва металл буюмлар қизилўнгач, ошқозон ёки ичак тизимига тушиб қолиши мумкин.

“Elsa” Шарқий ва Марказий Осиё давлатлари ассоциацияси аъзоси, эндоскопист, PhD, “Ёш эндоскопистлар мактаби” раҳбари А. Ҳайдаровнинг таъкидлашича, филиалга ҳар йили ўртача 90–100 нафар бемор ана шундай муаммолар билан мурожаат қилади. Бундай вазиятларда ҳар бир дақиқа муҳим аҳамият касб этади. Ёт жисмни ўз вақтида ва тўғри усулда олиб ташлаш бемор ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга оғир асоратларнинг олдини олади.
Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, “Ёш эндоскопистлар мактаби”нинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади. Мактаб нафақат назарий билим бериш, балки амалиётда юзага келадиган мураккаб ҳолатларни ҳал қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлашни ҳам мақсад қилган. Унинг фаолияти доирасида маҳорат дарслари, амалий операцияларда иштирок этиш, клиник таҳлиллар, илмий муҳокамалар ва соҳавий мусобақалар мунтазам ташкил этилмоқда.

Яқинда мактаб аъзолари иштирокида “Ошқозон-ичак трактидан ёт жисмларни олиш” ҳамда “Қон кетишларни эндоскопик усулда гемостаз қилиш” мавзуларида ўқув машғулотлари мусобақа шаклида ўтказилди. Унда Бухоро филиали билан бир қаторда Қоракўл, Ғиждувон ва Ромитан туман тиббиёт бирлашмалари мутахассислари ҳам фаол қатнашиб, ўз билим ва маҳоратларини намоён этди.
Мактабнинг энг муҳим вазифаси шошилинч тиббий ёрдам тизими учун ҳар қандай вазиятда бемор ҳаётини сақлаб қолишга қодир бўлган, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, илмий ёндашувга эга ва доимий равишда ўз устида ишлайдиган эндоскопист кадрларни тарбиялашдир. Зеро, инсон организмига тушиб қолган ёт жисмни операциясиз, кам инвазив усулда олиб ташлаш катта масъулият, юқори малака ва бой тажрибани талаб қилади.

Энг муҳими, мазкур мактаб фаолияти натижасида аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам сифати янада ошмоқда. Болалар ва катталар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган ҳар бир муваффақиятли эндоскопик амалиёт ортида билим, изланиш ва юксак масъулият мужассам.
“Ёш эндоскопистлар мактаби” бу оддий ўқув лойиҳаси эмас. Бу инсон ҳаёти учун курашадиган, замонавий тиббиётнинг энг илғор усулларини пухта эгаллаётган, эртанги куннинг етук мутахассисларини тарбиялайдиган ҳақиқий маҳорат мактабидир. Бу ерда шаклланаётган ҳар бир ёш эндоскопист келажакда юзлаб инсонларнинг соғлиғини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишдек шарафли вазифани адо этишга тайёрланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири