Йўлсиз қолган Зармас: аҳоли муаммосига қачон ечим топилади?
Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани. Бир томонда пишқириб оқаётган Қизилсув дарёси, бир томонда эса йўлсиз қолган аҳоли. Зармас қишлоғида яшовчи 70 дан ортиқ хонадон учун бугун йўл масаласи шунчаки транспорт муаммоси эмас, балки ҳаёт-мамот масаласига айланган. Таҳририятга келиб тушган мурожаатдан сўнг ҳолатни жойида ўргандик. Кўрилган манзара бир саволни ўртага ташлайди: табиат офатига барча айбни юклаш мумкинми ёки инсон омили ҳам бугунги вазиятда ҳал қилувчи роль ўйнаганми?
Йўқолган йўл
Татар маҳалласига қарашли тоғли Зармас қишлоғига олиб борувчи суқмоқ йўл юзлаб йиллар давомида аҳоли фойдаланиб келган ягона қатнов йўли ҳисобланган. Кейинги йилларда эса Қашқадарё ва Сурхондарёни боғловчи янги магистраль автомобиль йўли қурилиши бошланди.
Қурилиш ишлари доирасида қоялар портлатилди, дарё соҳили кенгайтирилди, улкан харсанг тошлар Қизилсув дарёсига ташланди. Аммо аҳоли таъкидлашича, беш ойдан буён қурилиш ишлари бутунлай тўхтаб қолган.
Айнан шу вақт оралиғида баҳорги селлар келиб, ўзгарган дарё ўзани сув оқимини бошқа томонга буриб юборган. Натижада ўнлаб йиллар хизмат қилган суқмоқ йўл ҳам сел остида қолган.
Бугун Зармасга автомобиль у ёқда турсин, пиёда ҳам ўтишнинг имкони деярли йўқ.
Қишлоқ аҳолиси билан дарёнинг икки соҳилида туриб суҳбатлашдик. Улар учун бугунги энг катта муаммо ташқи дунё билан алоқанинг узилиб қолганидир.
Татар маҳалласи раиси Тошпўлат Бердиевнинг айтишича, йўл илгари ҳам селларни кўрган, аммо бу даражада вайрон бўлмаган.
– Биз ҳозир Татар маҳалласининг тоғли қишлоқлари – Зармас ва Вори аҳолиси фойдаланадиган йўл охирида турибмиз. Шу ергача янги йўл қурилган эди. Аммо беш ойдан буён ишлар тўхтаб қолган. Йўл қурувчилар томонидан дарёга ташланган катта харсанглар сув оқимини ўзгартириб юборди. Ўтган ойнинг 19-санасида келган кучли сел натижасида суқмоқ йўл ҳам ювилиб кетди. Икки ҳафтадан буён аҳоли марказ билан алоқасиз қолди.
Унинг таъкидлашича, аввал ҳам баҳорги селлар кузатилган, аммо бу йўл ҳеч қачон бундай ҳолатга келмаган.
– Бу йўл қишлоқ пайдо бўлганидан буён хизмат қилиб келган. Асосий муаммо дарёга ташланган харсанглар ва ярим йўлда қолган қурилиш ишлари бўлди. Энди қурувчилар келиб, ишни охирига етказиши керак, – дейди маҳалла раиси.
Йўлнинг узилиши бир қарашда оддий инфратузилма муаммосидек кўриниши мумкин.
Аммо тоғ қишлоғи учун бу – тез тиббий ёрдам, мактаб, бозор, озиқ-овқат, дори-дармон ва давлат хизматларига чиқиш йўлининг узилиши дегани.
Айниқса, ёғингарчилик даврида айланма йўллардан юриш ҳам хавфли ва анча машаққатли. Аҳоли эса бир саволни ўртага ташламоқда: агар қурилиш ишлари ўз вақтида якунланганида, бугунги вазият юзага келармиди?
Ҳолат юзасидан Яккабоғ туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори Ўлмас Файзиев ҳам ўз муносабатини билдирди.
– Бу йил ҳудудимизда ёғингарчилик меъёрдан анча юқори бўлди. Қизилсув дарёсида сув ҳажми кескин ошди. Зармас қишлоғига олиб борувчи суқмоқ йўл ҳам сел таъсирида бузилди. Бу ҳақда хабаримиз бор. Туман ҳокими бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ҳолат жойида ўрганилди. Дарёда сув сатҳи пасайиши билан вақтинчалик суқмоқ йўл тикланади.
Бундан маълум бўладики, масъуллар муаммодан хабардор ва вазият назоратга олинган. Бироқ аҳолини қийнаётган асосий савол бошқача: нега беш ой давомида тўхтаб қолган қурилиш тақдири ҳал этилмади?
Суриштирув давомида бир қатор саволлар пайдо бўлди. Нима сабабдан стратегик аҳамиятга эга йўл қурилиши беш ойдан бери тўхтаб қолган? Қурилиш ишлари вақтида дарё оқимининг ўзгариш эҳтимоли бўйича муҳандислик ҳисоб-китоблари қилинганми? Дарё ўзанини ўзгартириши мумкин бўлган ишларга экологик ва гидротехник хулосалар олинганми? Қурилиш тўхтаб қолган даврда аҳоли хавфсизлиги учун вақтинчалик чоралар кўрилганми?
Бу саволларга расмий ва батафсил жавоб берилиши нафақат Зармас аҳли, балки ушбу йўлдан фойдаланадиган барча фуқаролар учун ҳам муҳим.
Хулоса шуки, табиат офатини тўхтатиб бўлмайди. Аммо унинг оқибатларини муҳандислик ечимлари, пухта режалаштириш ва ўз вақтида бажарилган ишлар орқали камайтириш мумкин. Зармас қишлоғидаги бугунги ҳолат табиий офат билан бирга, инфратузилма қурилишидаги узилишлар аҳоли ҳаётига қандай таъсир кўрсатишини ҳам кўрсатиб турибди.
Энг муҳими, 70 хонадон яшайдиган қишлоқ ташқи дунё билан алоқасиз қолмаслиги керак.
Таҳририят мазкур масала юзасидан магистраль автомобиль йўлини қуришга масъул ташкилотнинг ҳам расмий муносабатини олишга ҳаракат қилади ва мавзуни кузатишда давом этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА