Ижтимоий соҳада масъулият кучайтирилди
Жиззах вилоятида ижтимоий соҳалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги устувор вазифалар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раислигида мактабгача ва мактаб таълими, касбий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар, янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари ижроси, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар натижадорлиги, соҳаларда учраётган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этишнинг устувор йўналишлари атрофлича таҳлил қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида битирувчиларни олий таълимга тайёрлаш сифатини ошириш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, “Жасорат мактаблари” фаолиятини янада такомиллаштириш, таълим муассасаларини замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Касбий таълим соҳасида эса дуал таълим тизимини янада кенгайтириш, техникумларнинг иш берувчилар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш имкониятларидан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини кучайтириш ҳамда янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ортда қолаётган ҳудудлар ва масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилишда янги ўқув йили бошланишига саноқли вақт қолгани қайд этилиб, барча таълим муассасаларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ўз вақтида якунлаш, иситиш тизимларини шай ҳолатга келтириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан махсус ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Мазкур йўналишдаги ишлар ҳар ҳафта вилоят ҳокими томонидан шахсан назорат қилиб борилиши таъкидланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббиёт муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, қурилиш ва таъмирлаш ишларининг бориши, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, скрининг тадбирлари қамровини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ижроси ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида барча масъулларга аниқ муддатлар ва вазифалар белгилаб берилди. Аҳолини рози қилиш, таълим ва тиббий хизматлар сифатини янада юксалтириш, ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган ишлар суръатини ошириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири