Депутатлик мурожаати амалда ўз ечимини топмоқда
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизматлар сифатини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тез тиббий ёрдам хизматини замонавий босқичга олиб чиқиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар ва янги тез ёрдам автомашиналари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинаётган қарорлар аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш йўлида жамоатчилик ва депутатлик назорати ҳам муҳим ўрин тутади.
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати И.Одилов томонидан Республика тез тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиали фаолиятида аниқланган муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратовага юборилган депутатлик мурожаати ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари Жамшид Бердимуродов ва Отамурод Эсоналиев Бухоро шаҳрида бўлди.
Масъуллар Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Ж.Матниязов, шаҳар Кенгаши депутатлари Ш.Яшиев ва И.Одилов иштирокида кенг қамровли учрашув ўтказилди.

Учрашувда тез тиббий ёрдам тизимидаги мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ режалар тақдим этилди. Хусусан, тизимнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий тез ёрдам автомашиналарини олиб келиш, янги маъмурий бино қуриш, тиббий бригадалар фаолиятини такомиллаштириш, чақирувларга янада тезкор жавоб бериш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида депутатлик мурожаатида кўтарилган ҳар бир масала юзасидан масъуллар томонидан аниқ таклиф ва ечимлар билдирилди. Шунингдек, мавжуд камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда тез тиббий ёрдам хизматини аҳоли учун янада қулай ва самарали қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Эътиборлиси, бу каби амалий учрашувлар давлат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган сиёсати ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Зеро, тиббиёт соҳасига киритилаётган сармоялар, замонавий инфратузилма яратиш, малакали кадрлар салоҳиятини ошириш ва депутатлик назоратининг кучайтирилиши пировардида энг катта ютуқ – халқ розилигига хизмат қилади.
Инсон ҳаёти энг олий қадрият саналган Янги Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш йўлидаги бундай амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА