Йўллар янги марралар сари етаклайди
Олмалиқ–Пискент йўналишида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жаҳон стандартларига мос, замонавий ва кенгайтирилган йўл ўтказгичнинг барпо этилиши темир йўл ва автомобиль транспорти ҳаракати имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур иншоот “Ёшлик-I” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳасининг 1-босқичи 2-навбати доирасида, мавжуд Мис эритиш заводи ҳудудида янги металлургия мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида реконструкция қилинмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, “Шарҳия” карьеридаги 191+45 ПК йўналиши бўйича икки оралиқли темир-бетон йўл ўтказгичи қурилмоқда.
Аввалги йўл ўтказгич бир изли темир йўлдан иборат бўлган бўлса, янги иншоотда икки изли темир йўл барпо этилмоқда. Бу темир йўл орқали юк ташиш ва ҳаракатланиш имкониятларини сезиларли даражада ошириш, иш ҳажмини кенгайтириш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Иншоотнинг автомобиль йўли қисми ҳам кенгайтирилмоқда. Натижада ҳар бир йўналишда бир вақтнинг ўзида иккитадан автомобиль ҳаракатланиши учун зарур шароит яратилади. Объектдаги қурилиш ишлари пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.
Муҳими, мазкур йирик инфратузилма объектининг барпо этилиши темир йўл ва автомобиль транспорти ҳаракати самарадорлигини ошириш, юк ташиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, ҳудуд транспорт инфратузилмасининг замонавий талаблар асосида ривожланишига хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА