Ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Наманганда Ёшлар ишлари вилоят бошқармаси томонидан ташкилланган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжуманида йигит-қизларнинг ташаббуслари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Оқилжон Ҳасанов ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, кўнгиллилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, навқирон авлод вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва маҳалла ёшлар етакчиларини тайёрлашга қаратилган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, «Наманган ТОП-20 китобхон», «Қувонч улашамиз!», «Ёшлар табиатга бефарқ эмас!», «Юридик клиника ёшлар учун ҳуқуқий маслаҳат маркази” ҳамда «Етакчиликка тайёрлов мактаби» лойиҳалари ўғил-қизлар ҳаётида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
Вилоят миқёсида ташкилланган «Қувонч улашамиз!» хайрия акцияси орқали қарийб 700 нафар бемор болажон ва ёш қамраб олиниб, уларга совғалар берилди, кўтаринки кайфият бағишланди.
Акциянинг эътиборга молик жиҳати шундаки, 100 дан ортиқ волонтёрлар ушбу эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, савобли ишда фаоллик кўрсатди.
[gallery-32168]
Китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Наманган ТОП-20 китобхон» лойиҳаси энг фаол ва кўп китоб ўқийдиган ёшларни аниқлаш, улар ҳақида маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда «Тенгдошдан тенгдошга» тамойили асосида китобхонлик тарғиботини йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади.
Ҳозиргача 50 дан зиёд китобхон ёшлар аниқланди. Айниқса, улар орасида 20 дан ортиқ ёшнинг 300 дан ошиқ китоб ўқигани қувонарлидир. Келгусида бу каби ёшлар тенгдошлари орасида китобхонлик маданиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишади.
Миллий қадриятларимизни улуғлаш, атроф-муҳитни обод ва тоза сақлаш ҳамда ёшларни эзгу ишларга сафарбар этиш мақсадида «Ёшлар табиатга бефарқ эмас!» номли ободонлаштириш ва тозалаш акциясига ҳам киришилди. Бу хайрли иш Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилади. Акцияда 500 га яқин кўнгиллилар иштирок этишмоқда.
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий муаммоларига ечим топишда кўмаклашиш мақсадида «Юридик клиника” йўлга қўйилмоқда. Бошқармада мавжуд имкониятлар ва юристлар кўмагида ёшлар қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн ва офлайн тарзда мурожаат қилиши мумкин. Ҳуқуқий маслаҳатга эҳтиёжи бўлган, бироқ пуллик хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланганларга бепул маслаҳат бериш, зарур ҳолларда тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш назарда тутилган.
Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар етакчиларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида маҳалла ёшлар етакчиси бўлиш истагидаги ёшларни тайёрлашга қаратилган «Етакчиликка тайёрлов мактаби» лойиҳаси ҳам эътиборга молик.
Аксарият маҳаллаларда мазкур йўналишдаги ишлардан кўнгил тўлмаётган бир кезда, лойиҳа давомида етакчи функцияси, ёшлар билан ишлаш, қонунчилик, давлат хизмати одоби ва бошқарув бўйича зарур билим-кўникмалар шакллантирилади. Шунингдек, маҳаллаларда амалиёт ўташ орқали келажакдаги фаолияти учун тажриба тўплайди.
Ушбу лойиҳа ёшларни маҳалла ёшлар етакчиси сифатида ишлашга тайёрлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини ошириш ҳамда келажакда ёшлар билан самарали ишлай оладиган етакчиларни шакллантириш мақсадида ташкил этилади. Бу мактабда ёшлар шунчаки билим олмайди, балки келажакдаги етакчилик фаолиятига тайёрланади.
Анжуманда журналист ва блогерлар қизиқтирган саволларига жавоб олиш асносида, ёшлар сиёсатини юритиш самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари