Халқаро тажриба ва таълим истиқболлари муҳокама қилинди
Пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан Гулистон давлат университетида тиббиёт факультети талабалари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда бўлажак шифокорларнинг касбий салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш ва хорижий таълим дастурларида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Унда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров ҳамда АҚШнинг Огайо штатидаги Mercy Health — St. Rita’s Medical Center клиникасида фаолият юритувчи, «St. Louis» университети профессори, таниқли ортопед-травматолог Джолдас Қулджанов иштирок этди.

Мулоқот давомида талабаларга Президентимизнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувида белгиланган устувор вазифалар, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳамда соҳани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берилди.


Вилоят раҳбари бўлажак шифокорлар учун замонавий билим ва амалий кўникмаларни эгаллаш, хорижий тилларни пухта ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Зеро, хорижий тилларни билиш халқаро тажрибани ўзлаштириш, нуфузли таълим дастурларида қатнашиш ва касбий маҳоратни ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга, шифокорлик касби юксак масъулият, чуқур билим ва инсон ҳаётига дахлдор ҳар бир қарорга жиддий ёндашувни талаб қилиши қайд этилди.


Профессор Джолдас Қулджанов эса тиббиёт соҳасидаги илғор халқаро тажриба, бакалавриатдан кейинги таълим босқичлари, дуал таълим имкониятлари ҳамда хорижда малака ошириш йўналишлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, талабаларнинг халқаро таълим дастурларида иштирок этиши, замонавий тиббий ёндашувларни ўрганиши ва назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши учун мавжуд имкониятларга эътибор қаратди.


Очиқ мулоқот талабалар учун ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан жавоб олиш, келгуси касбий фаолиятларига оид муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва халқаро таълим имкониятлари ҳақида тасаввурларини кенгайтириш майдонига айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири