Ёлғиз кексаларга даволаниш учун йўлланма бериш тартиби қандай?
Ўзбекистонда ёлғиз кексаларнинг соғлиғини тиклаш ва уларга тиббий-ижтимоий кўмак бериш тизими тубдан янгиланиб, ҳар йили бепул санаторийларда даволанишлари қонунан кафолатланган. Хусусан, мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга санаторийларда бепул даволаниш учун йўлланмалар ҳар йили бир марта берилади. Ушбу тоифадаги фуқаролар навбат асосида 10 кунлик муддатга бепул соғломлаштириш йўлланмаси билан таъминланади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу ҳақда қуйидагича маълумот берди:
–Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот-технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар қаторида ёлғиз кексаларга ҳам санаторийлардан бепул фойдаланиш имтиёзи берилган.
Бунинг учун улар давлат хизматлари марказлари ёки ваколатли органга келиб мурожаат этади ёхуд давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида рўйхатдан ўтишлари лозим. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган ходими кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали мурожаат этган тақдирда эса – мустақил тарзда сўровномани электрон равишда тўлдиради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА