Истеъдодлилар сараланди
Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг Навоий вилояти босқичи якунланди.
Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида саралаб олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ иқтидорли қизлар иштирок этди. Улар фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик, ахборот технологиялари ва тиббиёт каби 9 та йўналиш бўйича ўз билим, иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этдилар.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиёрова сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугун иқтидорли ёш қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти эса ана шундай ёшларни кашф этиш, уларнинг меҳнати ва истеъдодини муносиб эътироф этиш, янги марралар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танлов жараёнида қизларнинг эришган ютуқлари, ижодий ишлари, илмий изланишлари, жамоатчилик фаолияти ҳамда келгусидаги мақсад ва интилишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йўналишларда ғолиб деб топилган қизлар танловнинг якуний босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири