Йирик ҳисобдаги ғалаба ва ечимини кутаётган муаммолар
Футболда баъзи ҳисоблар шунчаки натижа эмас, жамоаларнинг айни пайтдаги ҳолати ҳақидаги ўзига хос “ташхис” ҳам бўлади. Зоминда кечган “Сўғдиёна” — “Машъал” учрашувининг 5:2 ҳисобида якунлангани ҳам ана шундай ўйлар учун етарлича асос беради. Етти гол, кескин вазиятлар, биринчи бўлимдаёқ юзага келган катта устунлик ва ўйиндан кейинги қарама-қарши руҳдаги фикрлар — бу баҳсни оддий статистика доирасидан чиқариб юборди.
Суперлиганинг 20-турида “Сўғдиёна” ўзининг ҳужумдаги имкониятларидан унумли фойдаланиб, “Машъал”ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Жиззахликлар очколарини 27 тага етказиб, турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилган бўлса, муборакликлар 4 очко билан ҳамон сўнгги поғонада қолмоқда.
Учрашувнинг тўртинчи дақиқсида “Сўғдиёна”нинг тезкор голига Забиҳилло Ўринбоев муаллифлик қилди. Тезкор гол мезбонларга нафақат устунлик, балки ўйин суръатини ўз қўлига олиш имконини ҳам берди. 33-дақиқада Филип Иванович, орадан етти дақиқа ўтиб эса яна Забиҳилло Ўринбоев гол урди. Шу тариқа 40-дақиқага келиб ҳисоб 3:0 кўринишига келди.


Қизиғи шундаки, “Машъал” айнан шу орада ўзининг энг яхши дақиқаларини ўтказди. Жиззахликлар бош мураббийси Улуғбек Бақоев ҳам учрашувдан кейинги матбуот анжуманида рақиб 20 дақиқа атрофида устунлик қилганини, бир нечта хавфли ҳужумлар ташкил этганини ва ҳатто уч-тўртта гол уриши мумкин бўлганини тан олди. Демак, 5:2 ҳисобидаги ғалаба “Сўғдиёна” учун осон кечган ўйиннинг ифодаси эмас. Аксинча, жамоа мураккаб вазиятдан чиқиб, рақибнинг босимини бартараф эта олгани билан ҳам эътиборга молик.
“Машъал”нинг 41-дақиқада Маҳмуд Жўрабоев орқали жавоб голини уриши ҳам бежиз эмас эди. Бироқ танаффусгача қолган вақтда муборакликлар иккинчи голни ура олмади. Иккинчи бўлим бошланиши билан эса “Сўғдиёна” яна ташаббусни мустаҳкамлади: 51-дақиқада Люпчо Дориев, 66-дақиқада Жамшид Болтабоев ҳисобни 5:1 га етказди. 71-дақиқада Ҳумоюн Муртозаевнинг голи эса меҳмонларга фақат якуний ҳисобни бироз юмшатди, холос.


Шу ўринда “Сўғдиёна”нинг самарадорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Аммо, баҳснинг иккинчи томони ҳам бор. “Сўғдиёна” бешта гол урган бўлса-да, етти голли ўйинда икки марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Демак, жамоа ҳужумда қанчалик ишончли кўринган бўлса, ҳимояда шунчалик мукаммал тасаввур қолдирмади.

“Машъал”да эса муаммо янада чуқурроқ кўринади. Бош мураббий Сергей Лушчаннинг матбуот анжуманидаги баёноти — “Бу шунчаки уят” — жамоанинг бугунги руҳий ҳолатини очиқ ифода этди. Унинг таъкидлашича, таркиб, футболчиларнинг даражаси ва жамоанинг Суперлига талабларига мослиги борасида жиддий саволлар бор. Мураббий ҳатто кейинги учрашувларда таркиб масаласи бутунлай бошқача бўлиши мумкинлигини айтди.
Лушчаннинг яна бир фикри эса эътиборни янада жиддийроқ масалага қаратади: “Машъал”нинг асосий муаммоси гол уришда эмас, балки гол ўтказиб юборишда. Бу фикр 20-турдан кейинги рақамларда ҳам яққол кўринади. Жамоа 20 учрашувда атиги 4 очко жамғарган ва 39 та гол ўтказиб юборган.


Демак, Зоминдаги 5:2 — бир ўйиннинг ҳисобигина эмас. Бу “Сўғдиёна” учун имкониятлардан унумли фойдаланиш, жамоавий ишончни мустаҳкамлаш ва турнир жадвалида юқорилаш учун муҳим қадам бўлса, “Машъал” учун жиддий сигналдир.
Айниқса, мавсумнинг ўзида мазкур жамоалар уч марта тўқнаш келиб, учаласида ҳам “Сўғдиёна” ғалаба қозонгани эътиборли. Кубок баҳсида 2:1, чемпионатнинг биринчи даврасида 3:1 ва энди 5:2. Ҳисоблардаги ўсишнинг ўзиёқ икки жамоа ўртасидаги фарқ қандай кенгайиб бораётганини кўрсатади.


Бироқ футболда кечаги натижа эртанги кафолат эмас. “Сўғдиёна” учун бу ғалаба ортидан хотиржамликка берилиш эмас, аксинча, ҳимоядаги камчиликларни бартараф этиш, ҳужумдаги самарадорликни сақлаб қолиш вазифаси турибди. “Машъал” эса, эҳтимол, мавсумнинг энг муҳим қарорлари остонасида.
Зоминдаги етти голли баҳс шуни яна бир бор кўрсатдики, футболда ҳисоб таблоси воқеанинг фақат ташқи кўринишини беради. Унинг ортида эса тактика, руҳият, ишонч, масъулият ва қарор қабул қилиш қобилияти бор. “Сўғдиёна” шу куни буларнинг аксариятини ўз томонига оғдира олди. Меҳмонлар эса мағлубиятдан кўра, унинг сабабларини англаб олишга муҳтож.
Чунки чемпионатнинг ҳал қилувчи паллаларида голлар қанча муҳим бўлса, улардан тўғри хулоса чиқариш ҳам шунча аҳамиятли.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири