6 сентябрь — Бутунжаҳон кураш спорти куни
Бугун азалий қадриятимиз, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келган минг йиллик тарихга эга курашнинг спорт тури сифатида буюк ғалабалари ва улкан орзулари бирлашган қутлуғ кун.
Бундан роппа-роса 28 йил аввал — 1998 йил 6 сентябрь куни Халқаро кураш ассоциацияси ташкил этилди. Ана шу тарихий қарор миллий меросимизни жаҳон аренасига олиб чиқиш, курашни халқаро спорт ҳаракатининг ажралмас қисмига айлантириш йўлида янги даврни бошлаб берди.
1998 йил 6 сентябрь куни пойтахтимиз Тошкентда давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, бир гуруҳ кураш фидойиларининг саъй-ҳаракати натижасида 28 та давлат вакиллари иштирокида Халқаро кураш ассоциациясининг таъсис конгресси ўтказилиб, жаҳон спорт жамоатчилигига янги спорт тури бўлган кураш расман таништирилди.
Ўтган йиллар давомида амалга оширилган катта ҳажмдаги самарали меҳнатлар туфайли қисқа фурсатда кураш бўйича дунё бўйлаб ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатлари, кўргазмали чиқишлар, семинарлар ташкил этилдики, бу, қадимий қадриятларимиз, хусусан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ривожлантириш инфратузилмани яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги тегишли фармони билан 6 сентябрь – “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида эътироф этилди.
Ўтган давр мобайнида Халқаро кураш ассоциацияси ва унинг тизимидаги федерация ва институтларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида давлат миқёсида алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Кураш спорт тури сифатида беқиёс тараққиёт йўлини босиб ўтди. Дунёнинг қарийб 140 мамлакатида ривожланаётган кураш спорт тури бугун миллионлаб инсонларни бирлаштираётган, қитъалар ва маданиятлар ўртасидаги дўстлик кўпригини ўрнатган нуфузли халқаро спорт мақомига кўтарилди.
Олиб борилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар натижасида кураш алоҳида спорт тури сифатида Осиё ўйинларининг барча йўналишларининг дастурларидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Халқаро кураш ассоциацияси фахрий Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий қўллаб-қувватлаши ва эътибори ҳамда минг-минглаб фидойи инсонлар меҳнати туфайли кураш спорт тури сифатида Ислом бирдамлик ўйинлари, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) мусобақалари ва Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари дастурларига киритилди. Ушбу комплекс ўйинларнинг муҳим спорт йўналиши сифатида ўрин олиб, Ўзбекистон байроғидан жило олган яктакларда кураш мусобақалари тизимли тарзда ўтказиб келинмоқда. Ғолиб ва совриндорлар аниқланмоқда.
Яна бир эътиборга молик жиҳат, курашнинг халқаро спорт даражасига кўтарилиши ортидан ўзбекона иборалар “гилам”, таъзим”, “яктак”, “ёнбош”, “кураш”, “чала”, “дакки” каби қатор сўзлар халқаро спорт терминологиясидан ўрин эгаллаб, спорт таълим соҳасининг ажралмас қисмига айланди.
Шу билан бирга юзлаб мамлакатлардаги федерациялар, мураббийлар, ҳакамлар, ташкилотчилар ва миллионлаб курашчиларнинг меҳнати Курашни жаҳон спорт ҳаракатининг муҳим қисмини ташкил этди.
Ҳар бир ғалаба ортида инсон тақдири, ҳар бир мусобақа ортида улкан меҳнат бор, албатта. Ҳар бир байроқ ортида эса кураш ғоясига ишонган ва унинг келажаги учун хизмат қилган инсонларнинг орзуси мужассам.
Бугун ортга назар ташлар эканмиз, босиб ўтилган йўлдан фахрланамиз. Аммо кураш тарихи ҳали ёзилиб бўлган эмас. Унинг энг буюк саҳифалари ҳали олдинда.
Халқимизнинг, минг-минглаб курашчиларнинг, спорт ихлосмандларининг улуғ орзуси ва мақсади— курашни Олимпия ҳаракатининг ажралмас қисмига айланган кунларга эришиш, эгнида Ўзбекистон байроғидан жило олган яктак кийган спортчиларнинг тўрт йилликнинг мусобақаларидаги иштирокига гувоҳ бўлиш.
Ишонамизки, инсониятнинг энг эзгу қадриятларини тарғиб этувчи, ҳалоллик ва инсонийликни улуғловчи кураш келажакда Олимпия оиласидан муносиб ўрин эгаллайди.
Бугунги кунда курашчилар, мураббийлар, ҳакамлар, миллий федерациялар ва спорт мухлислари ушбу байрамни кенг нишонламоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА