Йил якунига қадар маҳаллада камбағал оила қолмайди
Бугунги кунда юртимизда барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, лойиҳавий ёндашув асосида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш ҳамда ҳудудларнинг солиштирма устунликларини аниқлаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуруламал вазифасини бажармоқда. Учқудуқ туманида ҳам қарор талаблари асосида ҳар бир оила тақдири ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Жорий йил бошида тумандаги Дўстлик маҳалласида 26 та оила камбағаллик реестрига киритилган эди. Бугунга келиб 7 та оиланинг муаммолари ижобий ҳал қилиниб, реестрдан чиқарилди. Туман ҳокими Учқун Елмуратов маҳаллада камбағаллик реестрида турган фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида ўрганиб чиқди.
Натижада 6 нафар фуқаро хусусий сектор, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда квота асосида саноат корхоналарига ишга йўналтирилди. Оила фарзандларининг таълими ҳам эътибордан четда қолмади. Улар инглиз тили ва математика курсларига бепул қабул қилинди.

– Бугунги қабулга ҳокимга муаммо билан эмас, миннатдорчилик билдириш учун келдим, – дейди Ҳилола Гадоева. – Берилган имкониятлар туфайли фарзандим боғчага бепул қабул қилинди. Ўзим иш билан таъминландим. Турмуш ўртоғим ҳозир касбга ўқитилмоқда. Курсни якунлаганидан сўнг уни квота асосида “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонига ишга жойлаштириш режалаштирилган.
– Ўзим туманимиз марказидаги техникумда шартнома асосида ўқирдим. Оилавий шароитим ҳисобга олиниб, грантга ўтказилдим. Шунингдек, ўқишдан бўш вақтимда ишлашим учун иш топиб беришадиган бўлишди, – дейди Муқаддас Файзуллаева.
Учқудуқ туманида камбағалликка қарши курашда бир марталик ёрдамдан кўра, инсонни даромадли меҳнатга олиб киришга қаратилган тизимли ёндашув ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Маҳалладаги камбағаллик реестрига киритилган 26 та оиланинг ҳар бири бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, йил якунига қадар реестрда қолган барча оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири