Сурхондарё Могилёв билан дўстлашди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасида бўлиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик каби тармоқлари билан яқиндан танишди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан икки томонлама манфаатли келишувлар имзоланди.
Президентимиз ғояси билан маҳаллий ҳокимликларга ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун хориж билан воситачиларсиз тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, иқтисодий-инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлик ўрнатиш ҳуқуқи ва ваколати берилгани ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ҳамда ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Сурхондарё вилоятида ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланиш чет давлатлардаги вилоятлар билан манфаатли ҳамкорлик меморандумлари тузиш, дўстлик алоқаларини ўрнатиш ва воҳани ҳар тарафлама юксалтиришга хизмат қилаётир. Жумладан, кейинги йилларда Сурхондарё вилояти Россиянинг Новосибирск, Челябинск, Красноярск, Татаристон Республикаси, Хитойнинг Хэйлудзцян, Қозоғистоннинг Караганда каби ҳудудлари билан яқин дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Беларусь кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги ривожланган индустриал давлат. Машинасозлик, кимё, нефть, нефть кимёси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати юксалиб бораётган мамлакат.
Воҳа делегациясининг Беларусь Республикасига сафарининг илк куни Могилёв вилояти ижроия қўмитаси раиси Анатолий Исаченко ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигидаги делегацияларнинг кенгайтирилган таркибда учрашуви ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг ташаббуслари билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестиция, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди. Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро савдо ҳажми ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, мавжуд ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Могилёв вилояти ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва уни 2026-2028 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинди. Икки томонлама бошқа ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Делегация аъзолари Могилёв шаҳридаги "Могилёвлифтмаш" акциядорлик жамияти билан танишиб, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари, замонавий технологияларни қўллаш тажрибаси ўрганилди. Сурхондарё вилоятида лифт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
"К.П. Орловский номидаги Рассвет" акциядорлик жамиятининг йирик чорвачилик, боғдорчилик ва иссиқхоначилик хўжаликлари билан танишув ҳам делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Сурхондарёликлар мажмуанинг чорвачилик тажрибаси, боғдорчиликда ҳосилдор навларни маҳаллийлаштириш, мавжуд ресурслардан фойдаланган ҳолда иссиқхоначиликни ривожлантириш ўрганилди. Чорвачилик ва боғдорчилик йўналишида ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш кўриб чиқилди. Бу ҳамкорлик жанубдаги воҳада чорвачиликни ривожлантириб, боғдорчиликда янги навларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришда ресурс тежамкор технологияларни жорий этишга кўмаклашади.


Давлатларимиз раҳбарлари ғояси билан Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, таълим ва ҳудудлараро алоқалар сингари кўплаб йўналишлар янги босқичда ривожланмоқда. Олий даражадаги мулоқотлар, Президентимизнинг Беларусга расмий ташрифлари янги қўшма лойиҳалар ва инвестициявий келишувларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жанубдаги воҳа делегациясининг Беларусга сафари ҳам олий даражадаги мулоқотларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.

Мамлакатимиз жанубидаги воҳа делегациясининг Беларусь Республикасига сафари Минск вилоятида давом этди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко учрашувида ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

– Мулоқотда воҳамизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз, қуруқ мева, узум, анор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Минск вилояти бозорларига мунтазам етказиб бериш, уларни сотиш учун махсус савдо майдонлари ва дистрибуция тармоғини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов. – Фармацевтика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиб, дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технология ва тажриба алмашиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат кооперацияси йўналишида қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, технология трансфери ва инвестицияларни жалб этиш, Минск вилояти депутатлар Кенгаши ва Сурхондарё вилояти депутатлар Кенгаши ўртасида ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган Келишувни имзолаш масалалари кўриб чиқилди.

Улуғбек Қосимовнинг Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Ю.Горлов билан учрашувда асосий эътибор наслли қорамол етказиб бериш ва чорвачилик, ўсимликшунослик, балиқчилик, саноат кооперацияси, дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш ҳамда ўзаро маҳсулотлар савдосини йўлга қўйиш масалаларига қаратилди. Сурхондарёда етиштирилаётган анор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Могилёв ва Минск вилоятларидаги савдо ярмаркаларида намойиш этиш, сотиш ва “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Беларусь маҳсулотларининг кўргазма савдосини ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди. Саноат вазири А.Кузнецов билан мулоқотда Беларусда ишлаб чиқарилган замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларининг Сурхондарёда тақдимотини уюштириш, “МАЗ” корхонаси ишлаб чиқараётган маҳсулотларни Сурхондарё вилояти фермер ва тадбиркорларига синов учун топшириш, “МАЗ” корхонасида ишлаш учун ўзбек кадрларини тайёрлаш ва уларни иш жойи билан таъминлаш, темир йўл хизмати учун турли турдаги вагонлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, “Атлант” корхонаси маҳсулотларини, жумладан, музлаткичларнинг Хитойда ишлаб чиқарилаётган аналогларга нисбатан техник, сифат ва эксплуатацион афзалликларини ўрганиб, Сурхондарёда уни йиғиш имкониятларини ишлаб чиқиш, Сурхондарё вилоятига Беларусь Саноат вазирлиги делегациясининг амалий ташрифини ташкил этишга келишилди.

Таълим вазири А.Иванец билан учрашув ҳам самарали бўлди. Хусусан, Термиз давлат университети билан ахборот технологиялари, педагогика ва рус тили йўналишларида қўшма дастурлар, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Касбий таълим йўналишида Беларусь тажрибаси жорий этилиб, мутахассис ва ўқитувчилар, “in vitro” лабораторияларини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича икки томон мутахассисларининг тажриба алмашинуви йўлга қўйилади. “Ўзбекистон касбий таълим муассасалари – Беларусь касбий таълим муассасалари – Беларусь саноат корхоналари” форматида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

– Беларусь қишлоқ хўжалиги, агротехнологияси ва техник йўналишларда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишга келишиб олдик, – дейди Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ректори Расул Тўраев. – Бу келишувни келгуси йил апрель ойигача амалиётга жорий этмоқчимиз.

Сафар доирасида Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида мустақиллигимизнинг 35 йиллигини нишонлаш тантанали қабул маросими ҳам ташкил этилиб, меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, Сурхон воҳасининг табиий, болдек ширин, ҳўл ва қуруқ мевалари билан безатилган байрам дастурхони ёзилди. Таниқли санъаткорларимизнинг қизиқарли концерт дастури иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири