Яйловдан экотуризм, асаларичилик йўналишларида фойдаланишга ҳам рухсат берилади
Яйлов ерларидан унумли фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш ҳам экология, ҳам чорвачилик ривожи нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда 21,2 миллион гектар яйлов ерлари мавжуд бўлиб, улар мамлакатимиз умумий ер майдонининг 47 фоизини ташкил этади. Шундан 16,3 миллион гектари Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳудудий яйлов хўжаликлари ҳисобида, 3 миллион гектари ўрмон фонди, 1 млн дан ортиғи табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган. Бундан ташқари, 890 минг гектар майдонлар фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги, корхона ва бошқа ташкилотларга тўғри келади.
Бироқ, яйловлардан фойдаланиш тартиблари ва нормаларига етарлича риоя этилмаганлиги, табиий-иқлим омиллари ҳамда инсон фаолияти таъсирида уларнинг экологик ҳолати ёмонлашиб бормоқда.
Шу боис, “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда яйловларни муҳофаза қилиш ва деградацияни қисқартириш бўйича рақамли технологияларга асосланган самарали механизмларини жорий қилиш, яйловлардан “иқтисодий актив” сифатида фойдаланиш, жамоат яйловларини ташкил этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш масалалари кўзда тутилган.

Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилар экан, унинг бугунги кундаги аҳамияти алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, лойиҳа билан яйловдан фойдаланиш йўналишлари кенгайтирилиб, чорвачиликдан ташқари экотуризм, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш каби янги даромадли йўналишларда ҳам фаолиятга рухсат берилмоқда.
Шунингдек, аҳоли хонадонларининг яйловлардан фойдаланишини қонунийлаштириш, чорва молларини боқишда аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида жамоат яйловлари институти жорий қилинмоқда.
Ишлатилмаётган яйловларни иқтисодий айланмага киритиш механизми (электрон аукцион, инвестиция шартномаси ва давлат-хусусий шериклик асосида) яратилмоқда. Яйловдан фойдаланиш тартиб-таомиллари маҳаллий аҳоли ва бизнес учун соддалаштирилган тарзда (ижара шартномаси ва чипта механизмлари асосида) амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, яйловларни қайта тиклаш ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича ишларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА