COP31 саммити Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга?
Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) тадбирларида иштирок этиш учун Анталия шаҳрида бўлади.
Таъкидланишича, иқлим бўйича глобал саммитда давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари ҳамда юқори даражадаги делегациялар иштирок этади.
Анжуман кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенциянинг асосий қоидаларини рўёбга чиқариш, замонавий экологик хатар ва таҳдидларга қарши курашиш ҳамда “яшил” тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суриш борасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Хўш, COP31 саммитининг глобал иқлим сиёсатидаги ўрни қандай? Ўзбекистон Президентининг мазкур нуфузли йиғиндаги иштироки мамлакатимиз учун қандай стратегик аҳамият касб этади ва халқаро экологик ҳамкорликда қандай янги имкониятлар очиши мумкин?
ЎзА мухбири ушбу мавзулар хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Фарҳод Каримов фикрларини ёзиб олди.

– Биласизми, COP31 – глобал иқлим сиёсатида халқаро ҳамкорликнинг муҳим майдони. 9–20 ноябрь кунлари Туркияда ўтказилаётган мазкур халқаро анжуман экологик таҳдидларга қарши курашиш, Париж битими мажбуриятларини амалга ошириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш масалаларини муҳокама қилишга қаратилган.
Саммитнинг сиёсий аҳамияти иқлим муаммоларини давлатларнинг иқтисодий тараққиёти, энергетика ва миллий хавфсизлик манфаатлари билан бевосита боғлашидадир.
Ўзбекистон Президентининг саммитдаги иштироки мамлакат ташқи сиёсатида экологик дипломатиянинг ўрни ортиб бораётганини акс эттиради. Давлатимиз раҳбарининг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан саммитда қатнашиши Ўзбекистон учун иқлим масалаларини халқаро мулоқотнинг муҳим йўналиши сифатида илгари суриш имкониятини яратади. Бу жараён экологик муаммоларни фақат ички сиёсат эмас, балки халқаро ҳамкорлик доирасида ҳал этиш заруратини кўрсатади.
Ўлкамизнинг иқлим дипломатияси миллий манфаатлар ва глобал мажбуриятларнинг ўзаро уйғунлигига асосланади. Мамлакатимиз 1993 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясига, 2018 йилда эса Париж битимига қўшилган. COP31 даги иштирок ушбу халқаро мажбуриятларнинг амалий ижроси, иқтисодий модернизация ва экологик барқарорлик ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформадир.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш юртимиз учун янги иқтисодий имкониятларни шакллантириши мумкин. Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш ва “яшил” инвестицияларни жалб қилиш иқтисодий ривожланишнинг муҳим йўналишларидир.
Шу нуқтаи назардан, COP31 нафақат экологик музокаралар, балки технологик ҳамкорлик ва инвестициявий шериклик майдонидир.
Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишни молиялаштириш масаласи республикамиз учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Ривожланаётган давлатларда экологик модернизация катта молиявий ресурсларни талаб қилади. COP31 доирасида иқлим молияси, тоза энергетика ва мослашув лойиҳаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон учун халқаро молия институтлари билан шерикликни кенгайтириш, грантлар ва имтиёзли молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш муҳим истиқболли йўналиш бўлиши мумкин.
Сув дипломатияси эса диёримиз ташқи сиёсатининг истиқболли йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Иқлим ўзгариши шароитида трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни ривожлантириш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш минтақавий барқарорликнинг муҳим омилидир. COP31 каби халқаро платформалар сув хавфсизлиги масаласига глобал эътиборни оширишга хизмат қилиши мумкин.
Оролбўйи муаммосининг халқаро миқёсда илгари сурилиши Ўзбекистон экологик дипломатиясининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Орол денгизи фожиаси иқлим ўзгариши, экологик деградация ва инсон хавфсизлиги ўртасидаги боғлиқликни намоён этади. Мамлакатимиз учун ушбу муаммонинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган халқаро лойиҳаларни кенгайтириш ва экологик инновацияларни жалб қилиш долзарбдир.
Президентимизнинг саммит доирасидаги икки томонлама учрашувлари экологик ҳамкорликни амалий лойиҳаларга айлантириш имкониятини беради. Расмий дастурга кўра, давлатимиз раҳбарининг ялпи сессияда нутқ сўзлаши ҳамда қатор учрашув ва музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Бундай мулоқотлар доирасида энергетика, сув хўжалиги, экологик технологиялар ва инвестициялар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари мавжуд.
Саммитнинг минтақавий аҳамияти Марказий Осиёда экологик ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш имконияти билан боғлиқ. Иқлим ўзгариши давлат чегараларини тан олмайдиган муаммо бўлгани сабабли, уни ҳал қилишда минтақавий ҳамжиҳатлик талаб этилади. Ўзбекистон халқаро музокаралар орқали сув, энергетика ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриши мумкин.
Умуман олганда, COP31 саммитида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг иштирокини учта стратегик йўналишда таҳлил қилиш мумкин: биринчидан, халқаро иқлим дипломатиясида мамлакат манфаатларини илгари суриш; иккинчидан, Марказий Осиёнинг сув ва экологик хавфсизлик масалаларига глобал эътиборни кучайтириш; учинчидан, “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун халқаро инвестиция, технология ва молиявий ресурсларни жалб этиш.
Энг муҳими, мазкур мулоқотлар доирасида илгари суриладиган ташаббусларни аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантириш мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Бинобарин, бугунги иқлим дипломатияси нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки келажак авлодлар учун хавфсиз ва фаровон ҳаёт асосларини яратишнинг ҳам муҳим воситасидир.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА