Миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳада миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги ташкилий ўзгаришларни қонунчиликда акс эттириш, ваколатли давлат органларининг номланиши ва ваколатларини ўзаро мувофиқлаштириш масалалари ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, иш берувчиларнинг чет эл фуқаролари учун меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларини олиш юзасидан мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Давлат хизматлари кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада ҳуқуқий аниқликни таъминлаш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Миграция ва персоналлаштириш департаменти томонидан бугунги кунда 19 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Эндиликда мазкур департаментга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ваколати берилади.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича кўриб чиқилиб, унинг айрим нормалари янада аниқлаштирилди. Хусусан, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва тушунарли ифодаланиши, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан ўзаро уйғунлигини таъминлаш мақсадида тегишли таҳририй тузатишлар киритилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солиш, фуқаролар ва иш берувчилар учун қулайликлар яратиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишига йўл қўймасликни таъминлайди.
Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА