Яхшиликнинг энг гўзал манзили — инсон қалби
Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ижтимоий соҳа ходимлари зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Бу борадаги самарали фаолият эса, аввало, ҳар бир инсоннинг дардига қулоқ тутиш, унинг ҳолидан хабар олиш ва зарур пайтда амалий ёрдам кўрсатишдан бошланади.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Ғўшсой маҳалласи комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Покиза Эрназарова ҳам ўз фаолиятини ана шу тамойиллар асосида ташкил этган. Унинг кундалик иши хонадонларга кириб бориш, аҳолининг ижтимоий аҳволини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш билан боғлиқ. Фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ у маҳаллада яшовчи кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексаларнинг эҳтиёжларини ўрганишга киришди.
2026 йил бошидан буён кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва болалар нафақасини тайинлаш бўйича 68 та ариза расмийлаштирилди. Уларнинг 43 таси асосида фуқароларга болалар нафақаси тайинланди. Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан индивидуал ишлаш, ишсиз фуқароларни расмий ишга жойлаштириш, ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш натижасида 13 та оиланинг моддий аҳволи яхшиланди. Эътиборлиси, ушбу оилаларнинг ижтимоий ҳолати барқарорлашиб, улар реестрдан чиқарилди.
Айни пайтда маҳалла еттилигининг қарори асосида 30 та оила “Ижтимоий реестр”да турибди. Уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаш, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур ҳисобдаги 23 нафар фуқародан “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак билан таъминлаш бўйича аризалар қабул қилиниб, улар учун тегишли маблағлар ажратилишига эришилди.
Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган икки нафар ёлғиз кекса “Ёлғизлар” рўйхатига киритилди. Уларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш, ҳолидан хабар олиш ва зарур ижтимоий хизматларни кўрсатиш масалалари доимий эътиборда. Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳам ижтимоий ходим фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

Хусусан, 12 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳини белгилаш, қайта белгилаш ёки ўзгартириш бўйича тегишли аризалар киритилиб, масалалар ижобий ҳал этилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 9 нафар шахсга протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситаларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилди. Айни пайтда соғлиғида муаммолари бўлган яна уч нафар фуқарога ногиронликни белгилаш масаласида кўмаклашиш мақсадида Оҳангарон тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига аризалар киритилган.
– Маҳаллада ижтимоий аҳволи оғир бўлган 12 та оила билан ишлаш учун кейслар очилган, – дейди Оҳангарон туманидаги Ғўшсой маҳалласи комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими Покиза Эрназарова. – Бугунги кунда уларга манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳар бир оиланинг муаммоси алоҳида ўрганилиб, уни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгиланмоқда. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган икки нафар фуқарога “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ваучерлар шакллантирилди. Бу уларнинг кундалик ҳаётдаги фаоллигини ошириш, зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2026 йил 28 октябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, маҳаллада жами 60 нафар фуқарога бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Шундан 36 нафарига ёрдам автоматик тарзда, яна 24 нафарига эса маҳалла еттилигининг хулосаси асосида 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилиши кўзда тутилган. Албатта, бу рақамлар ортида инсонлар тақдири, оилалар ҳаётидаги ўзгаришлар ва кимнингдир кўнглига кириб борган эътибор мужассам.
Ижтимоий ходим П.Эрназарованинг фаолиятида эзгу мақсад устувор. Чунки баъзан ўз вақтида кўрсатилган ёрдам, самимий муносабат ва эътибор инсон ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Яхшиликнинг энг гўзал манзили эса, шубҳасиз, инсон қалбидир.
А.Мусаев,ЎзА