Ўзбекистон делегациясининг Ибн Сино меросини ўрганиш бўйича экспедицияси бошланди
Абу Али ибн Сино – жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк қомусий олим. Унинг бой илмий меросини ўрганиш мақсадида Ҳиндистонга уюштирилган тарихий илмий экспедиция икки халқ ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни янги босқичга кўтаради.
“Ибн Сино” жамоат фонди ташаббуси билан алломанинг бой илмий мероси ҳамда қўлёзмаларини ўрганишга бағишланган Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга илк тарихий экспедицияси бошланди.
“Абу Али ибн Сино: Қўлёзмалар – Илм-фан – Ҳаёт” деб номланган лойиҳа икки мамлакат олимлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.

Экспедициянинг дастлабки кунларида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида илмий конференция ташкил этилди. Уни Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчиси Сардор Рустамбоев, Фонд бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов ва Ҳиндистондаги Ибн Сино Академияси президенти Ҳаким Саййид Зиллур Раҳмон очиб берди.
Конференцияда алломанинг тиббиёт ривожига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди. Шунингдек, “Ибн Сино” жамоат фонди ва Ҳиндистондаги Ибн Сино Академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Ушбу ҳужжат қўшма тадқиқотлар ва ноёб қўлёзмаларни таржима қилишга пойдевор яратади, – дейди Нозимхон Маҳмудов. – Ушбу академия 2000 йилда Ҳаким Саййид Зиллур Раҳмон томонидан ташкил этилган бўлиб, буюк алломанинг бой илмий мероси ҳамда Юнон тиббиёти тарихини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга ихтисослашган нуфузли нотижорат илмий-тадқиқот маркази ҳисобланади. Муассаса қошидаги ноёб қўлёзмалар сақланадиган бой кутубхона ва музей дунё олимларини бирлаштирувчи муҳим кўприк вазифасини бажармоқда.
Тадбир доирасида Ибн Сино меросини тарғиб этишга ҳисса қўшган бир қатор ташкилотлар фонднинг махсус мукофоти билан тақдирланди.
Сафар биргина анжуман билан чекланмайди. Нью-Деҳли, Ғозиобод ва Алигарҳ шаҳарларида яна конференциялар, форум, симпозиум ҳамда қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА