Яхшилар хотираси абадий қолур
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Бурч, жасорат, матонат” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, юридик фанлар доктори, профессор Матрасул Собиров номидаги аудиториянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу аудиториянинг ташкил этилиши устознинг фавқулодда вазиятлар тизимини ривожлантириш, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали ва фидокорона хизматларига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Матрасул Собировнинг кўп йиллик самарали фаолияти, фавқулодда вазиятлар тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, шунингдек, илмий-педагогик салоҳиятни юксалтириш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
[gallery-29344]
Таъкидланганидек, халқимиз азалдан инсон қадрини улуғлаш, ўтганларни ёд этиш ва уларнинг эзгу номини эъзозлашни олий қадрият сифатида қадрлаб келади. Айниқса, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва мамлакат равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятини ёш авлодга ибрат сифатида тарғиб этиш бугунги даврнинг муҳим маънавий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Тадбир давомида Ватан ҳимояси, юрт осойишталиги йўлида хизмат қилган инсонларнинг ёрқин хотираси чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этилди. Уларнинг жасорати, матонати ва фидойилиги ёшлар учун чинакам мардлик ва ватанпарварлик мактаби экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир дастурига мувофиқ, Ватанга муҳаббат, инсон қадрини улуғлаш, садоқат, жасорат ва фидойилик ғояларини тараннум этувчи саҳна кўринишлари, бадиий композициялар ҳамда мусиқий чиқишлар намойиш этилди.
Гулноза Бобоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА