Тошкентда Япониянинг етакчи компанияси билан ҳамкорликда реабилитация муассасаси барпо этилади
Япониянинг “Kitahara Group” компанияси томонидан инсультдан кейинги беморларни реабилитация қилишда қўлланилаётган замонавий ва инновацион ёндашувлар натижасида беморларнинг 77 фоизи бир ой ичида сезиларли даражада тикланишга эришмоқда. Қовонарлиси, ушбу илғор тажриба юртимизда ҳам жорий этилади. Яъни, Тошкентда Япониянинг ушбу етакчи компанияси билан ҳамкорликда реабилитация муассасаси барпо этилади.Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда келтирилишича, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов Япониянинг нуфузли “Kitahara Group” компанияси раҳбари Сигеми Китахара бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида самарали ҳамкорлик шакллангани, ушбу учрашув эса алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тиббиётнинг устувор йўналишлари бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболли қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш учун замин яратиши таъкидланди.
“Kitahara Group”нинг Япония ҳамда бошқа мамлакатларда профилактика, ташхислаш, даволаш, нейрохирургия, шошилинч тиббий ёрдам ва реабилитация хизматларини ягона тизим асосида ташкил этиш бўйича тўплаган илғор тажрибаси, халқаро миқёсда замонавий шифохоналарни ташкил этиш борасидаги фаолияти катта қизиқиш уйғотгани айтилди.
Бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳоли учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бунда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан “Kitahara Group”нинг Тошкент шаҳрида замонавий хусусий кўп тармоқли шифохона ташкил этиш ва инновацион концепция асосида реабилитация хизматини йўлга қўйиш бўйича билдирган ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Учрашувда компаниянинг инсультдан кейинги тикланиш, нейрореабилитация, беморларни даволаш ва шифохонадан кейин парваришлаш ҳамда узлуксиз тиббий-реабилитация хизмати бўйича тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга экани айтиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Япониянинг “Kitahara Group” компанияси томонидан инсультдан кейинги беморларни реабилитация қилишда қўлланилаётган замонавий ва инновацион ёндашувлар натижасида беморларнинг 77 фоизи бир ой ичида сезиларли даражада тикланишга эришмоқда. Ушбу илғор тажрибани юртимизда ҳам жорий этиш истиқболлари ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА