Яшил пойтахт сари стратегик қадам: маҳаллий кўчатчилик ривожланмоқда
Бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш масаласи дунёнинг барча мегаполислари қатори Тошкент шаҳри учун ҳам энг устувор вазифалардан бирига айланди. Шаҳар аҳолисининг яшаш қулайлигини ошириш, ҳаво софлигини сақлаш ва пойтахтни чинакам яшил маконга айлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эса бу борадаги ишларни янги, тизимли босқичга олиб чиқди. Шаҳар экотизимини яхшилаш нафақат дарахт экиш, балки бу жараённинг иқтисодий ва илмий асосларини тўғри йўлга қўйишни ҳам талаб этади.
Айнан шу мақсадда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан пойтахтнинг кўкаламзорлаштиришга бўлган ички эҳтиёжини тўлиқ маҳаллий ҳисобдан қоплашга қаратилган стратегик лойиҳага старт берилган эди. Бу лойиҳа шаҳарнинг сув ва иқлим шароитига мослашган буталарини маҳаллий кўчатхоналарда етиштиришнинг яхлит занжирини яратишни назарда тутади.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши пойтахт яшил фондини бойитиш билан бир қаторда, миллионлаб долларлик импортга қарамликни камайтириш, хориждан келтириладиган қимматбаҳо манзарали ўсимликлар харажатларини қисқартириш ва бюджет маблағларини тежашда инқилобий қадам бўлди. Бектемир туманида тажриба тариқасида бошланган ва бугунга келиб бутун пойтахт туманларини қамраб олган ушбу ташаббус Тошкентнинг яшил келажагини иқтисодий тежамкорлик ва маҳаллий ресурс асосида барпо этиш мумкинлигини амалда исботламоқда.
Ҳар бир туманда камида 10 миллион тупдан, шаҳар бўйича эса жами 120 миллион туп бута етиштириш режалаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур ташаббус тайёр кўчатларни харид қилиш харажатларини камайтириш, маблағлардан самарали фойдаланиш ва пойтахтнинг яшил ҳудудларини кенгайтиришга қаратилган.
Айни пайтда бу ерда экилган дарахтлар қаторида кичик иссиқхоналар ҳам ташкил этилмоқда. Уларда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ихтиёридаги қаламчалардан бута кўчатлари етиштирилмоқда. Бу ишларга тегишли идораларнинг 2 минг 20 нафар мутахассис ва ходимлари жалб этилган.

Жумладан, ушбу жараённи ташкил этиш мақсадида туманларда масъул ходимлар белгиланиб, соҳа мутахассисларидан иборат жамоалар тузилди. Илгари буталар, жумладан, импорт навларни харид қилишга катта маблағ йўналтирилар эди. Мавжуд қаламчалардан кўчат етиштириш эса импортга қарамликни камайтириш ва тайёр кўчат сотиб олиш харажатларини қисқартириш имконини беради. Кўпайтириш учун камида беш турдаги бута танлаб олинган.
–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бектемир туманида 2024 йил ноябрь ойида Ўрмон хўжалиги ташкил этилган эди, – деди Бектемир тумани ҳокими Нурилла Абдураҳмонов. – Мазкур яшил лойиҳа ва ўрмон хўжалиги барпо этилиши учун жами 100 гектар ер майдони ажратилган. Янги барпо этилаётган дарахтзорларни тизимли равишда суғориш ва парваришлаш мақсадида 3 та сунъий сув ҳавзаси ва 12 та тик қудуқ (артезиан) барпо этилган. Мана икки йил дапвомида дарахтлар жуда чиройли қад ростлаб, боғ ташкил қилинди. Кўчат етиштиришда мутахассислар берган маслаҳатлардан келиб чиқиб ҳар бир кўчат махсус кўрсатма асосида экилмоқда. Бунинг натижасини энди баҳор ойларида кўрамиз.

Хориждан таклиф этилган мутахассислар иштирокида иқлимга мослаштирилган бу ўсимликлар сўнгги икки мавсумда Тошкент шароитида яхши натижа кўрсатди. Танлаб олинган турлар орасида шамшод, лигуструм, италян лигуструми, “Браво” лоницераси, япон лоницераси, зирк, бересклет, лаванда, ҳинд настарини ва туя ўсимлиги бор. Бу — иқлимга мослаштирилган импорт навлар қаламчасидан бута етиштириш бўйича шундай кўламдаги илк лойиҳадир. Барпо этилаётган кўчатхоналар яшил белбоғнинг бир қисмига ва пойтахтнинг қўшимча экологик қалқонига айланади, шунингдек, шаҳарнинг кўчатга бўлган эҳтиёжини босқичма-босқич қондириш имконини беради. Маҳаллий кўчат етиштиришни ривожлантириш Тошкентни режали тарзда кўкаламзорлаштириш, унинг экологик тизимини мустаҳкамлаш ва шаҳар микроиқлимини яхшилашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА