"Яшил макон" лойиҳаси доирасида ҳудудларда миллионлаб кўчатлар экилмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Ўзбекистонда яшил майдонларни кенгайтириш, дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган доимий ташаббус. Лойиҳа доирасида республика бўйлаб ҳар йили юз миллионлаб дарахт ва бута кўчатлари экилади, шаҳар ва қишлоқларда яшил ҳудудлар кўпайтирилади. Ҳозирда ушбу лойиҳа асосида кузги кўкаламзорлаштириш мавсумида янги боғлар ташкил этиш, яшил майдонларни кенгайтириш ва чўл ҳудудларини яшиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
СИРДАРЁ вилояти. Сардоба туманида ҳудудларни ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли учун янада қулай ва соғлом яшаш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Туман ҳокими Зиядулла Каримов ҳамда туман прокурори Равшанбек Норбоев бошчилигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида навбатдаги кўчат экиш тадбирлари ташкил этилди. Унда масъул ташкилотлар вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этиб, белгиланган ҳудудларда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишларини амалга оширди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилги кузги мавсум доирасида Сардоба туманида жами 1 миллион 135 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Мазкур эзгу ташаббус нафақат туман ҳудудининг янада кўркам қиёфа касб этишига, балки экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва келажак авлод учун соғлом атроф-муҳитни яратишга хизмат қилади.

БУХОРО вилояти. Шофиркон туманининг Қизилқум чўлига туташ ҳудудида йирик кўчатзор ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 1 миллионга яқин манзарали ва мевали кўчатлар парваришланмоқда. Кўчатзорда Бухоронинг қурғоқчил ва шўрхок иқлимига чидамли бўлган гужум дарахтларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Табиий чидамлилиги ва шарсимон чиройли шаклга кириши билан ажралиб турувчи мазкур дарахтлар ҳудуд кўчалари ҳамда аҳоли масканларини кўкаламзорлаштиришда асосий ўрин тутади. Шунингдек, ушбу майдонда тез ўсувчи павловния, манзарали буталар ва турли гул кўчатлари ҳам етиштирилиб, ҳудуднинг яшиллик даражасини ошириш учун хизмат қилмоқда.

ҚАШҚАДАРЁ вилояти. Қамаши давлат ўрмон хўжалигида 2026 йил кузги кўчат экиш мавсуми учун ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган 320 минг туп кўчат захираси шакллантирилган. Мазкур кўчатлар кузги мавсумда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

ФАРҒОНА вилояти. Ёзёвон тумани Юқори Сойбўйи маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам ушбу лойиҳа доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими Дилшоджон Жалилов иштирок этиб, кўкаламзорлаштириш ишлари келажак авлод учун муносиб мерос қолдиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, экилган ҳар бир кўчатнинг электрон платформага киритилиши, парвариши ва унинг кўкариши назоратга олиниши қайд этилди. Массивдаги кўп қаватли турар жойлар ва кичик саноат зонаси ўртасида барпо этилаётган парк ҳудудига чинор, каталпа, оқ қайин, эман, клён каби манзарали дарахтларнинг 2 минг тупдан зиёд кўчатлари экилди. Янги Ўзбекистон массивида барпо этилаётган 104 та кўп қаватли уй аҳолиси учун ушбу парк нафақат ҳордиқ чиқариш маскани, балки тоза ҳаво ва соғлом экологик муҳит манбаига айланиши кутилмоқда.

Қайд этиш лозимки, лойиҳа доирасида кўчатларни парваришлаш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва экологик муҳитни яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда. Зеро, бугун экилган ҳар бир кўчат — эртанги яшил келажагимиз пойдевори!
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА