Янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
Сирдарё туманида автомобилсозлик, тиббиёт, электротехника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган 20 нафардан ортиқ тадбиркор ва инвесторлар билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Туман ҳокими Азизбек Турдимуродов Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони таркибидаги Қизилсу қирғиз автоном префектураси Халқ ҳукумати губернатори ўринбосари бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.

Мулоқотда туманнинг иқтисодий салоҳияти, мавжуд инфратузилма имкониятлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, таклиф этилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва хорижий сармояларни жалб қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида инвестиция ташаббусларини амалий босқичга олиб чиқиш, янги иш ўринларини яратиш ва ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири