“Яшил макон” лойиҳаси – амалда
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани марказидан қарийб 165 километр узоқликда, Кўкча ҳудудининг чекка қисмида жойлашган Ўғитма қишлоғида туман ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ташриф давомида ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, таълим муассасаларида яратилган шароитлар ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, мазкур дастур асосида қишлоқдаги 38-сонли умумтаълим мактаби ҳудудига 500 туп мевали дарахт кўчати экилган. Ушбу ташаббус таълим муассасаси атрофини кўкаламзорлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш билан бирга, ўқувчиларда табиатга меҳр, атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, чўл ҳудудларида яшил майдонларни кенгайтириш, дарахтзорлар барпо этиш ва уларни парваришлаш экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан биридир. Айниқса, олис қишлоқларда бундай ташаббусларни амалга ошириш аҳоли яшаш муҳитини яхшилаш ва келажак авлод учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
[gallery-32681]
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Ўғитма қишлоғи ва унга туташ ҳудудларда ҳам бўлиб, бу ернинг табиий шароити, географик хусусиятлари, мавжуд имкониятлари ҳамда аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Чўл минтақасида жойлашган, бориш қийин бўлган манзиллардаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА