Ҳарбий жамоалардаги ёшлар фаоллиги таҳлил қилинди
Ёшлар билан ишлашда эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва келгуси устувор вазифалар муҳокама қилиниб, бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Гулистон давлат университетининг Психология ва ижтимоий фанлар факультетида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидаги куч тузилмаларининг ҳарбий қисм ва муассасаларида фаолият юритаётган бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда йўналиш сардорлари иштирокида кенгайтирилган сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ёшлар билан ишлаш тизимининг самарадорлиги, бошланғич ташкилотлар фаолияти, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-32664]
Бугунги кунда ҳарбий соҳада хизмат қилаётган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада куч тузилмалари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.
Йиғилишда бошланғич ташкилотларнинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди. Жумладан, маънавий-маърифий ва ватанпарварлик тадбирлари, ҳуқуқий тарғибот ишлари, спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга баҳо берилди.
Шунингдек, ҳар бир ёш билан индивидуал ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, иқтидорли ва ташаббускор ёшларни аниқлаш, бошланғич ташкилот етакчиларининг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлими бошлиғи Фурқатжон Азимовнинг таъкидлашича, бундай сарҳисоб учрашувлари фақат ўтган давр натижаларини муҳокама қилиш билан чекланмай, фаолиятдаги камчиликларни аниқлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва келгуси ишларни аниқ режалар асосида ташкил этиш имконини беради.
— Бугунги йиғилишимизнинг асосий мақсади ҳарбий қисм ва муассасаларда ёшлар билан ишлаш йўналишида тўққиз ой давомида амалга оширилган фаолиятни сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни таҳлил этиш ва олдимизда турган вазифаларни белгилаб олишдан иборат. Айниқса, бошланғич ташкилот етакчиларининг ўзаро тажриба алмашиши, самарали ташаббусларни оммалаштириши ва ўз фаолиятига танқидий ёндашиши муҳим аҳамиятга эга.
Келгусида ҳам ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий билими, интеллектуал салоҳияти ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз. Ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш, уларнинг қизиқиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва интеллектуал мусобақалар, замонавий технологияларга оид лойиҳалар қамровини кенгайтириш устувор вазифаларимиздан бўлади.
Энг муҳими, куч тузилмалари раҳбарияти ва бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, ёшлар билан ишлашда натижадорликка йўналтирилган янги ёндашувларни жорий этишни мақсад қилганмиз. Зеро, ҳар бир ёшнинг ташаббуси ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали ҳарбий жамоаларда фаол, билимли, масъулиятли ва Ватанга садоқатли ёшлар сафини кенгайтириш мумкин, — дейди Фурқатжон Азимов.
Сирдарё вилояти Ёшлар иттифоқи Кенгаши томонидан куч тузилмалари билан ҳамкорликда ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳарбий қисм ва муассасаларда маънавий-маърифий учрашувлар, ҳуқуқий тарғибот ва профилактик тадбирлар, спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар, замонавий касблар ва ахборот технологияларига оид лойиҳалар ташкил этилмоқда. Бунда ёшларнинг фақат тадбирларда иштирокини таъминлаш эмас, балки уларнинг шахсий ташаббусларини рағбатлантириш, иқтидорини намоён этиши ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратишга ҳам устувор аҳамият берилмоқда.
Йиғилиш якунида йил охирига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ватанпарварлик, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, кибермаданият ва замонавий ахборот технологияларига оид лойиҳаларни кенгайтириш, спорт ҳамда интеллектуал мусобақалар орқали ёшлар фаоллигини ошириш каби йўналишлар устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, куч тузилмалари ва Ёшлар иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бошланғич ташкилот етакчиларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, жойларда амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини мунтазам ўрганиб боришга келишиб олинди.
Тадбир доирасида ёшлар билан ишлашда фаоллиги, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ажралиб турган бошланғич ташкилот етакчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланди.
Мазкур сарҳисоб йиғилиши ҳарбий қисм ва муассасаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва келгуси фаолиятни аниқ вазифалар асосида ташкил этишга қаратилган муҳим амалий мулоқот бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар) ЎзА мухбирлари