Фуқаролар мурожаатлари ижроси назоратга олинди
Президентнинг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг фуқаролар билан навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди.
Унда 137 нафар фуқаронинг 150 га яқин мурожаат ва таклифлари кўриб чиқилди. Мурожаатларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер ажратиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар олиш, қурилишдаги камчиликларни бартараф этиш, кадастр, бандлик ҳамда уй-жой масалалари кўтарилди.

Шунингдек, ижтимоий ёрдам ва болалар нафақасини тайинлаш, даволаниш, алимент ундириш, кредит ва солиқ қарздорлиги, ичимлик суви, электр энергияси ҳамда табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан ҳам мурожаатлар билдирилди.

Қабул жараёнида мурожаатларнинг аксарияти бўйича шу жойнинг ўзида тегишли ечимлар таклиф этилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян муддат талаб қиладиган масалалар юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва натижаси бўйича фуқароларга маълумот бериш масъулларга юклатилди. Топшириқлар ижроси назоратга олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири