"Яшил макон": ҳар бир кўчат келажак учун эзгу қадам
Атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги асосий мақсадлардан биридир.
Тошкент вилоятида ҳам ушбу ташаббус доирасида кўкаламзорлаштириш, янги боғ ва истироҳат масканларини барпо этиш, мавжуд яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг кузги мавсумида вилоят бўйича 11 миллион 358 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. Кўкаламзорлаштириш ишларида соҳавий ташкилотлар, жумладан, мелиорация тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Пискент туманидаги Туркистон ҳудудидан ўтувчи ДС коллекторида 2026 йилги таъмирлаш-тиклаш дастури асосида белгиланган ишлар якунланди. Узунлиги 8 километр бўлган мазкур коллектор атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция томонидан коллектор ёқасига ҳозирга қадар 3 минг туп кўчат экилди. Яна 5 минг туп кўчат экиш режалаштирилган.
Ушбу жараёнда Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Ўрта Чирчиқ ва Паркент туманларидан келган ишчи-ходимлар ҳам иштирок этиб, ҳашар йўли билан ҳудудни ободонлаштиришга ҳисса қўшди.
Таъкидлаш жоизки, мелиоратив экспедиция жорий мавсумда ҳашар йўли билан жами 41 минг туп кўчат экишни режалаштирган. Бундай ташаббуслар нафақат яшил ҳудудларни кенгайтириш, балки аҳолида табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш, экологик маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, бугун экилган ҳар бир кўчат келажакдаги соғлом муҳит ва обод ҳудудлар учун қўйилган муҳим қадамдир.
А.Мусаев,ЎзА