“Яшил келажак” бугундан бошланади
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Халқаро шахмат мактаби”да “Яшил келажак” экологик оромгоҳи ташкил этилди.
Унда турли ҳудудлардан жамланган ёшлар беш кун давомида экологик билим ва кўникмаларини бойитиб, ўз ташаббусларини ривожлантириш, волонтёрлик фаолиятида иштирок этиш ва жамоада ишлаш бўйича амалий тажриба орттирдилар.
Табиатга муносабат – инсоннинг атроф-муҳитга бўлган масъулиятини белгилайдиган муҳим мезонлардан бири. Айниқса, экологик муаммолар тобора долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда ёшларда экологик маданиятни шакллантириш, уларни табиатни асрашга дахлдорлик руҳида тарбиялаш ва экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан саналади.
Оромгоҳнинг дастлабки куниёқ иштирокчилар ўртасида танишув ва жамоани шакллантиришга қаратилган сессиялар ўтказилди. Шахсий ривожланиш мавзусидаги семинар-тренинглар эса ёшларнинг ўзаро мулоқотини мустаҳкамлаш, жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва ўз имкониятларини тўғри баҳолашга қаратилди.
Беш кун давомида иштирокчилар “Экология ва биз: нима учун бу муҳим?”, “Ўзбекистонда экофаоллик”, “Экологик тарғибот тадбирларини ташкил этиш”, “Экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмлари”, “Волонтёрлик: катта имкониятлар сари биринчи қадам”, “Яшил ташаббуслар жамғармаси” фаолияти ва лойиҳалар мониторинги бўйича семинар-тренинг ва амалий машғулотларда иштирок этишди.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида кечки вақтда “Заковат” интеллектуал ўйини, турли спорт мусобақалари ҳамда “Талант шоу” дастури ташкил этилди.
Экологик журналистика йўналишидаги назарий ва амалий машғулотларда ёшлар экологик муаммоларни оммага тўғри, холис ва таъсирчан етказиш, долзарб мавзуларни ёритиш ҳамда жамоатчилик эътиборини муҳим экологик масалаларга қаратиш усулларини ўргандилар.
Оромгоҳ дастури доирасида Халқаро ёшлар экологик қўмитаси координаторларининг биринчи қурултой учрашуви бўлиб ўтди.
Унда экологик ташаббусларни кенгайтириш, ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экологик йўналишдаги ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқотда эса ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтираётган масалаларга ечим изланди.
Беш кунлик тадбирда фаол иштирокчилар тақдирланди. Шунингдек, “Яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси”нинг “Экологик ижтимоий лойиҳалар” танлови ғолибларига ваучерлар топширилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири