Бухоро мактабларида 48 нафар хорижлик педагог фаолият бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактабларида анъанавий “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Янги ўқув йилининг илк кунлари, айниқса, мактаб остонасига биринчи бор қадам қўйган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва устозлари учун қувончли лаҳзаларга бой бўлди. Мактабларда янграган илк қўнғироқ садолари ўқувчиларни янги билим ва марралар сари чорлади.
[gallery-31224]
Таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришига кўмаклашиш мақсадида вилоятдаги 139 та умумтаълим мактабига 148 нафар хорижий педагогни жалб этиш белгиланган. Улар инглиз, француз, немис ва корейс тилларидан дарс беради.
Айни пайтда вилоят мактабларида 48 нафар хорижлик педагог ўз фаолиятини бошлаган. Режага мувофиқ, 22 сентябрга қадар хорижий мутахассисларнинг барчасини таълим жараёнига жалб этиш кўзда тутилган.
Хорижлик педагогларнинг мактабларда фаолият юритиши ўқувчиларнинг хорижий тилларни назарий ва амалий жиҳатдан пухта ўзлаштириши, уларнинг тил кўникмаларини ривожлантириши ҳамда халқаро таълим имкониятларидан самарали фойдаланишига хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА