Одамларга фойдаси тегаётган инсон
Орамиздаги замондошларимизШундай касблар борки, уларнинг қадри кундалик ҳаётда, айниқса, мушкул вазиятларда янада яққол намоён бўлади. Газ таъминоти соҳасида меҳнат қилаётган чилангарлар ана шундай масъулиятли касб эгаларидир. Улар йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар, аҳоли ўз хонадонларида осойишта ва хавфсиз ҳаёт кечириши учун доимо ҳушёрликда хизмат қиладилар.
“Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Бахтиёр Каримовнинг меҳнат фаолияти ҳам ана шу масъулият ва фидойилик билан уйғун. У 1991 йилда газ соҳасига илк қадам қўйган. Ўша даврдан буён 35 йил мобайнида бир касбга содиқ қолиб, ўз меҳнати билан мустақиллик йилларига ҳамоҳанг ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Бахтиёр Каримов камтар, камгап ва меҳнатсевар инсон. У кўп гапиришни эмас, амали билан ўзини намоён этишни афзал кўради. Шу боис жамоада ҳам, аҳоли орасида ҳам ўзининг ҳалол меҳнати, масъулиятлилиги ва касбига садоқати билан ҳурмат қозонган.
Чилангарлик осон касб эмас. Ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам мутахассислар газ тақсимлаш қурилмаларини техник назоратдан ўтказади, созлаш ишларини бажаради, юзага келган носозликларни тезкор бартараф этади. Бунинг учун эса нафақат касбий маҳорат, балки юксак масъулият ва сабр-тоқат ҳам талаб этилади.
Бахтиёр Каримов бу вазифаларни йиллар давомида сидқидилдан бажариб келмоқда. Айниқса, авария-диспетчерлик хизмати чилангари сифатида унинг иш куни турли чақирувлар билан кечади.

– Ҳар куни ишга “халқимга нафим тегса, фойдам тегса”, деган эзгу ният билан келаман, – дейди Бахтиёр Каримов. – Кун давомида 20-30 тагача чақирув асосида хонадонларга борамиз. Газ сизиб чиқиши, электрон газ ҳисоблаш ускунасида носозлик юзага келиши ёки бошқа муаммолар бўйича мурожаатлар бўлади. Хонадонга бориб, вазиятни ўрганамиз ва муаммони имкон қадар тезкор бартараф этамиз. Аҳоли сифатли хизматимиздан мамнун бўлиб, миннатдорлик билдирса, барча чарчоқлар унутилади.
35 йиллик меҳнат фаолияти давомида Бахтиёр Каримов нафақат ўз касбининг сир-асрорларини мукаммал эгаллади, балки “устоз-шогирд” анъаналарини ҳам муносиб давом эттирди. Унинг ўнга яқин шогирдлари бугун газ таъминоти соҳасида меҳнат қилиб, устозидан ўрганган касб сирларини амалиётда қўллаб келмоқда.
– Шу касбим туфайли халқ орасида ҳурмат топдим, – дейди қаҳрамонимиз. – Фарзандларимни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдим, тўйлар қилдим. Буларнинг барчасида ҳалол меҳнатимнинг ўрни бор, деб ўйлайман. Газчилик соҳасини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Аксинча, бу касбимдан фахрланаман.
Дарҳақиқат, мустақилликнинг 35 йили мамлакатимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ва тараққиёт йиллари бўлди. Бу йиллар давомида юртимизда янги корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилди, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ана шу улкан ўзгаришларнинг замирида, аввало, ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган оддий ва фидойи инсонларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Бахтиёр Каримов сингари касбини қадрлайдиган, ўз вазифасига виждонан ёндашадиган, одамлар оғирини енгил қилишни ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсонлар меҳнати ҳамиша эъзозга лойиқ.
Бундай инсонлар бор экан, юртимизда меҳнат қадри, инсон қадри ва касбга садоқат туйғуси янада юксалаверади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири