Яқин Шарқ можароси нималарни ўзгартирди?
Яқин Шарқда уруш бошланганига олти ой тўлди. Президент Дональд Трамп бир неча ҳафта ичида тугашини башорат қилган можаро узоқ давом этяпти ва аниқ натижасиз қарама-қаршиликка айланган. “Reuters” урушни бошлаб қўйган Трамп энди сиёсий нарх тўлаётганига урғу бермоқда.
Хусусан, уруш туфайли Президент рейтинги 40 фоиздан 33 фоизгача пасайди. Америкаликларнинг атиги 31 фоизи урушни қўллаб-қувватлаяпти. Қолаверса, бензин нархи кўтарилиши ноябрь ойидаги сайлов олдидан норозиликни кучайтирмоқда.
Урушдан бутун дунё зарар кўрганига шубҳа йўқ. Ҳурмуз бўғози орқали юк ташиш узилиши қувват нархи ошиши ва инфляция чуқурлашишига олиб келди. Шунга қарамай, жаҳон иқтисодиёти кутилганидан кўра бардошли экани исботланди.
Эрон заифлашдими? Албатта, аммо мағлуб бўлмади. Ислом Республикаси ҳарбий инфратузилмаси ва иқтисодиёти жиддий зарар кўрса-да, Теҳрон ракета ва дрон имкониятини сақлаб қолди ва ҳужумни давом эттиришга қодир.
Яқин Шарқ барқарорлигига ҳам “кўз тегди”, минтақа сезиларли даражада беқарорлашган. Зеро, Эроннинг АҚШ нишонлари ва Вашингтон иттифоқчиларига қарши ҳужуми, шунингдек юк ташиш узилиши минтақавий хавфсизлик ва савдо учун хавфни кучайтирди.

Эроннинг ядровий дастури секинлашган бўлиши мумкин. АҚШ разведка маълумотига кўра, энди Теҳрон ядровий қурол учун етарли материал ишлаб чиқариши учун бир йил керак. Дастурнинг аниқ ҳолати номаълумлигича қолмоқда.
Уруш АҚШ ҳарбий ресурсини камайтирди. Вашингтон ракета ва тутувчи воситалар улкан захирасини деярли сарфлади, ҳаво кучларини йўқотди ва Яқин Шарққа қайта ресурс жойлаштирди. Табиийки, бошқа минтақалардаги Америка кучлари тайёргарлигига оид савол кўпайган.
Эрон зарбасидан Қўшма Штатлар разведкаси ҳам беқиёс талафот кўргани тахмин қилиняпти.
Масалан, “NBC News” телеканали хабар беришича, АҚШнинг Яқин Шарқдаги разведка инфратузилмаси Эрон ҳужуми натижасида миллиардлаб доллар зарар кўрган. Ракета ва дрон ҳужуми минтақадаги нишонларга мисли кўрилмаган даражада зиён келтирган.

– Эрон ҳужуми Давлат департаменти, Пентагон ва разведка ҳамжамиятининг минтақадаги нишонларни етарли даражада ҳимоя қила олишига доир муайян саволларни юзага чиқарди, – дея қўшимча қилган канал.
АҚШ яқин келажакда Эронга қарши кейинги ҳужумни режалаштирмаяпти, балки санкция ва денгиз қамали орқали иқтисодий босимни кучайтиришни кўзлаяпти. Бу жараён 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловига қадар давом этиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА