Ўрта йўлак рақамли маконга ўтмоқда
Ўрта йўлак аста-секин нафақат Хитой ва Европа ўртасида товар ташийдиган муқобил йўналиш, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларининг Россия тармоғига қарамлигини камайтириш имконини берувчи рақамли йўналишга айланмоқда, деб ёзди “The National Interest”.
5 август куни Транскаспий ингичка толали симининг 380 километрлик сув ости қисми Қозоғистон қирғоғига етиб келди. Қозоғистон ва Озарбайжонни боғлайдиган мазкур тармоқ Россияни четлаб ўтиб, Марказий Осиёдан Европага юқори тезликда маълумот узатувчи илк тизим сифатида тақдим этилмоқда.
Нашр маълумотига кўра, ҳозир Қозоғистон халқаро интернет трафигининг тахминан 95 фоизи Россияга боғлиқ.
– Рақамли уланиш йўналиши сифатида Ўрта йўлак минтақавий савдо ва транспорт инфратузилмаси билан бир хил мақсадни кўзлайди: Россияни четлаб ўтиш, – дея таъкидлайди нашр.
Шунингдек, Озарбайжонни Нахчивон билан, кейин Арманистон орқали Туркияга улаш учун мўлжалланган яна бир йўналиш – TRIPP лойиҳасининг ҳам рақамли инфратузилмаси ривожланмоқда. “Telecom Armenia” ва “Azer Telecom” ўртасидаги келишув шу йўналишда ингичка толали алоқа учун йўл очади. Узоқ муддатда TRIPP Ўрта йўлакни тўлдириши ва қардош мамлакатнинг минтақадаги транзит ва рақамли марказ сифатидаги мавқеини кучайтириши мумкин.
Хуллас, Озарбайжон аста-секин янги рақамли инфратузилма учун муҳим транзит ва энергетика марказига айланяпти.
С.Раҳимов, ЎзА