Сомали қароқчилари 13 йиллик сокинликдан сўнг уйғонди
Сомали соҳилида денгиз қароқчилиги сўнгги йилларда кузатилган сустликдан кейин яна авж олмоқда. Халқаро денгиз ташкилоти таҳлилига кўра, 2026 йил бошидан буён минтақа сувли ҳудудида 15 ҳужум қайд этилган. Бу 2013 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўтган йилдаги 5 ҳолатдан кескин кўп.
Айниқса Сомали ва Яман ўртасидаги Адан қўлтиғида вазият жиддий. Май ойидан бери бу ҳудудда 8 марта босқин содир этилган. Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғлаган мазкур йўлак ер юзидаги энг серқатнов денгиз йўналишларидан бири ҳисобланади. Умуман, 28 февралда Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасида бошланган уруш минтақадаги қатновга қўшимча босим ўтказиб, денгиз ташувида хавфни оширган.
Йилнинг энг йирик ҳодисаси 21 апрелда рўй берган. Қуролланган қароқчилардан иборат тахминан 30 кишилик гуруҳ Эйл шаҳри шимолида ҳаракатланаётган “Honour-25” нефть ташувчи кемасига ҳужум қилиб, 17 нафар экипаж аъзосини гаровга олган. Манбага кўра, 90 метрлик кема ҳануз қароқчилар назоратида. Эйл Сомали қароқчилигининг муҳим маркази сифатида тилга олинади.
Шунга қарамай, ҳозирги кўлам 2011 йилдаги авж нуқтадан анча паст. Ўша давр 3 йил давомида қарийб 200 кемага ҳужум уюштирилгани туфайли эсда қолган. Янги рақам денгиз хавфсизлиги билан боғлиқ эски таҳдид яна бош кўтараётганини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА