Япония тажрибасига бағишланган семинар бўлиб ўтди
Бугунги глобал иқтисодиёт шароитида ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда рақобатбардош брендларни шакллантиришда замонавий маркетинг стратегиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда Бухоро шаҳрида “Самарали маркетинг стратегиясини амалга ошириш: Япониянинг амалий тажрибаси” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг иқтисодий ривожланиш, инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар йўналишида фаолият юритаётган масъул ходимлари иштирок этиб, халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Семинар давомида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг масъул мутахассислари Мазаказу Хиракава ва Киминйо Мёнг томонидан замонавий маркетингнинг энг долзарб йўналишлари бўйича атрофлича тақдимотлар ўтказилди. Унда самарали маркетинг стратегиясини ишлаб чиқишнинг асосий тамойиллари, бренд маркетинги, маҳсулот дизайни, бозор ва истеъмолчилар эҳтиёжини таҳлил қилиш, маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш, симуляция усулларидан фойдаланиш, миллий брендларни ягона концепция асосида намойиш этиш ҳамда халқаро кўргазма ва маркетинг тадбирларини ҳамкорликда ташкил этиш масалалари батафсил ёритилди.

Япониялик экспертлар ўз маърузаларида маркетинг нафақат маҳсулотни сотиш, балки ҳудуднинг нуфузини ошириш, миллий брендни шакллантириш ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашнинг муҳим воситаси эканини алоҳида таъкидладилар. Улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозор талаблари асосида ишлашга йўналтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, консалтинг хизматларидан самарали фойдаланиш ҳамда жаҳон бозори тенденцияларини мунтазам ўрганиш бўйича амалий тавсияларини тақдим этди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари тақдим этилган билим ва тажрибалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар. Ўзаро мулоқот ва фикр алмашувларга бой ўтган тадбир қатнашчилар учун амалий аҳамиятга эга бўлиб, замонавий маркетинг инструментларини давлат бошқаруви ва ҳудудий иқтисодиётда самарали қўллаш бўйича муҳим билим ва кўникмаларни мустаҳкамлади.
Бухорода ташкил этилган мазкур семинар Япониянинг илғор тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қиладиган янги имкониятлар эшигини очди. Бу эса келгусида ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий брендлар нуфузини ошириш ҳамда иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига чиқиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири