Дарахтларнинг нафас олиши нега муҳим?
Дарахтлар шаҳарлар ҳавосини тозалайди, иқлимни юмшатади, соя-салқинлик яратади ва экологик мувозанатни сақлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Бироқ, уларнинг соғлом ўсиши нафақат парваришга, балки илдиз тизимининг эркин нафас олишига ҳам бевосита боғлиқ. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахт атрофини бетонлаш унинг ҳаётига жиддий хавф туғдириб, аста-секин қуриб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари томонидан дарахтларга шикаст етказиш ҳолатларининг олдини олиш, хусусан, уларнинг илдиз қисми бетонланишига қарши доимий рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Чунки дарахт атрофини бетон билан қоплаш бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Энг аввало, бетон илдизларга кислород етиб боришини чеклайди. Бу эса майда илдизларнинг қуриши, дарахт ўсишининг секинлашиши ва унинг умумий ҳолати ёмонлашишига олиб келади.
Шунингдек, ёмғир суви тупроққа сингмайди. Натижада илдизлар табиий намликдан маҳрум бўлади, қўшимча суғоришга эҳтиёж ортади ҳамда дарахтнинг қурғоқчиликка чидамлилиги пасаяди.
Бетонлаш тупроқнинг зичлашишига ҳам сабаб бўлади. Бу эса фойдали микроорганизмлар фаолиятининг сусайиши, гумус ҳосил бўлишининг секинлашиши ва янги илдизларнинг ўсиши чекланишига олиб келади.
Ёз фаслида бетон юзаси 50–70 даражагача қизиши мумкин. Бу ҳолат илдизларни қиздириб юборади, тупроқ тез қурийди ва дарахт иссиқлик стрессини бошдан кечиради.
Бундан ташқари, бетонлаш натижасида илдизларнинг табиий ривожланиши тўхтайди. Оқибатда дарахтнинг барқарорлиги пасайиб, кучли шамолларда ағдарилиб кетиш хавфи ортади.
Мутахассислар заифлашган дарахтларда замбуруғ касалликлари, зараркунандалар ва қуриш ҳолатлари ҳам кўпроқ учрашини таъкидламоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, дарахтларга шикаст етказиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Унга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25–50 баравари, мансабдор шахсларга эса 50–75 баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фуқароларни табиатга масъулият билан муносабатда бўлишга, дарахтлар атрофини бетонламасликка ҳамда уларга ҳар қандай шикаст етказишдан тийилишга чақирмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА