Пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда замонавий технологиялар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Когон шаҳрида фаолият юритаётган “Оптима Пласт” масъулияти чекланган жамияти пластик идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган турли хил пластик идишлар ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш қувватлари юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш имконини бермоқда.
[gallery-30612]
Корхонанинг умумий инвестиция қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш учун 0,9 гектар ер майдони ажратилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 57 миллиард сўмлик маҳсулотга тенг бўлиб, давлат бюджетига ҳар йили қарийб 1,5 миллиард сўм солиқ тушумлари йўналтирилмоқда.
Айни пайтда корхонада 25 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган. Бу ҳудудда аҳоли бандлигини ошириш, саноат салоҳиятини юксалтириш ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА